Logo

Ўзбекистон ва Испания олий таълим муассасалари раҳбарлари ҳамкорлик истиқболларини келишиб олдилар

Ноябрь 29, 2023. 11:30 • 2 дақ

336
Ўзбекистон ва Испания олий таълим муассасалари раҳбарлари ҳамкорлик истиқболларини келишиб олдилар

МАДРИД, 29 ноябрь. /«Дунё» АА/. Испаниянинг Таълимни халқаролаштириш хизмати (SEPIE) билан ҳамкорликда жорий йилнинг 23-24 ноябрь кунлари Кадис шаҳрида Ўзбекистон ва Испания олий таълим муассасалари ректорларининг учрашуви ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Тадбирда Ўзбекистон томонидан Олий таълим, фан ва инновация вазирлиги вакиллари ва 8 та олий таълим муассасалари ректорлари, Испаниядан эса Ташқи ишлар, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирликлари, Олий таълимини халқаролаштириш бўйича хизмати (SEPIE), Кадиc шаҳри мэрияси, Испания ректорлар конференцияси ташкилоти ва 10 та университет ректорлари иштирок этишди.


Анжуман дастурига кўра, томонлар икки давлат университетлар тизими тўғрисида тақдимотлар ҳамда «Университетлараро ҳамкорликнинг ривожлантиришнинг институционал механизмлари», «Икки давлат ОТМлари ўртасидаги ҳамкорликнинг самарали амалиётлари», «Лингвистика соҳасида ҳамкорлик - Ўзбекистон ва Испания университетлараро алоқаларнинг янги стратегиясини ишлаб чиқишнинг калити» мавзуларида давра суҳбатлари ўтказилди.


Томонлар икки давлат ўртасида олий таълим соҳасида улкан салоҳият мавжудлигини, ёшлар орасида ўзбек ва испан тилларига қизиқиш тобора ортиб бораётганини қайд этишди. Ўз навбатида, таълим соҳасида нафақат тилларни ўрганиш, балки, бошқа йўналишларда ҳам ўзаро қизиқиш борлиги таъкидланди. Хусусан, томонлар қишлоқ хўжалиги, ирригацияда сув тежаш технологияларини жорий этиш, кончилик, муҳандислик, қайта тикланувчи энергия ва бошқа соҳаларда мутахассисларни тайёрлаш ва қўшма илмий тадқиқотлар ўтказиш йўналишларида ҳам ҳамкорлик ўрнатишга қизиқиш билдиришди.


Тадбир якунида икки давлат ОТМлари ўртасида бир қатор Ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Шунингдек, профессор-ўқитувчилар, илмий тадқиқотчилар ва талабалар алмашинувини, шу жумладан, Европа Иттифоқининг «Эразмус+» дастури доирасида йўлга қўйиш ва келгусида қўшма таълим лойиҳаларини амалга оширишга келишиб олинди.


Учрашув доирасида Кадис университети қошидаги Ўзбек-испан марказининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ва Самарқанд давлат чет тиллари институти профессор-ўқитувчилари онлайн тарзда иштирок этишди.


Ташкил этилган марказ Самарқанд давлат чет тиллари институти, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ҳамда Кадис университети ҳамкорлигида Ўзбекистон ва Испания ўртасида илмий, маданий ва гуманитар йўналишларида қўшма лойиҳаларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишга хизмат қилади.


Ўзбекистон делегацияси аъзолари томонидан ушбу марказ фаолиятига керак бўлган адабиётлар, миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари ва либослар тақдим этилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш