Ўзбекистон ва Красноярск ўлкаси ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Ноябрь 16, 2026. 09:00 • 2 дақ

• 5
Ўзбекистон ва Красноярск ўлкаси ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтирмоқда

КРАСНОЯРСК, 16 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Новосибирскдаги Бош консули Аслам Акбаров Красноярск ўлкаси губернатори Михаил Котюков билан музокара ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Суҳбат чоғида томонлар ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш, транспорт логистикаси ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди. Губернатор Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари III кенгаши доирасида Фарғонада бўлиб ўтган “Сибирь кунлари” тадбирини ташкил этиш ва ўтказишда кўрсатилган кўмак учун Ўзбекистон томонига миннатдорлик билдирди.

Ўзбекистондаги “Сибирь кунлари” тадбирида Сибирь федерал округининг олтита ҳудуди, жумладан, Красноярск ўлкаси ҳам иштирок этди. Тадбир якунлари бўйича ҳамкорликка доир 18 та ҳужжат имзоланди. Хусусан, Красноярск ўлкаси Фарғона, Сурхондарё ва Наманган вилоятлари билан ҳамкорлик ва ўзаро англашув тўғрисида меморандумлар имзолади.

Музокараларда транспорт қатновига алоҳида эътибор қаратилди. 2026 йил бошидан буён Ўзбекистон йўналишидаги йўловчилар оқими 115 минг кишидан ошди. Ҳозирда Красноярскдан Тошкент ва Наманганга мунтазам рейслар амалга оширилмоқда. Яқин вақт ичида Фарғона ва Самарқанд билан авиақатновларни йўлга қўйиб, парвозлар географиясини кенгайтириш режалаштирилган. Губернатор ушбу йўналишлар сайёҳлар учун кенг имкониятлар яратаётганини қайд этди.

Шунингдек ўқинг

Шунингдек, томонлар маданий-гуманитар ва спорт соҳалари, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги ҳамда чорвачиликда ҳамкорликни кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашди.

Музокаралар якунида Красноярск ўлкаси ҳамда Сурхондарё, Фарғона ва Наманган вилоятлари делегациялари ва бизнес-миссияларининг 2027 йилнинг биринчи ярмига мўлжалланган ўзаро ташрифлари режаси кўриб чиқилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш