Logo

Ўзбекистон Ҳиндистоннинг етакчи олий бизнес мактаби билан ҳамкорликни йўлга қўймоқда

Ноябрь 19, 2024. 07:32 • 3 дақ

304
Ўзбекистон Ҳиндистоннинг етакчи олий бизнес мактаби билан ҳамкорликни йўлга қўймоқда

ҲАЙДАРОБОД, 19 ноябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчихонаси вакиллари мамлакатимиз олий билим юртлари ва Ҳиндистон бизнес мактаби (Indian School of Business - ISB) ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш масалаларини муҳокама қилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.



Ҳиндистон бизнес мактаби (университет) 2001 йил Ҳайдаробод шаҳрида ташкил этилган бўлиб, фаолият кўлами ёшларга юқори даражадаги замонавий билимлар бериш билан бир қаторда миллий ва жаҳон иқтисодиёти, кичик, ўрта ва йирик бизнес соҳаларида илмий тадқиқотлар олиб бориш ҳамда уларнинг натижаларини амалиётга жорий этишни қамраб олган. 2012 йил Моҳали шаҳрида ISBнинг иккинчи кампуси фаолияти йўлга қўйилган.

Мазкур олий таълим муассасаси бугунги кунда "бизнес бошқаруви магистри" (Master of Business Administration – MBA) таълим йўналиши бўйича Ҳиндистонда биринчи ва Осиёда бешинчи ўринни эгаллаб турибди. АҚШнинг Пенсильвания университети Уортон бизнес мактаби, Колорадо университети, Келлог бошқарув мактаби, Мериленд университети, Калифорния университети, Буюк Британиянинг Лондон бизнес мактаби, Лондон иқтисодиёт мактаби ва бошқа етакчи таълим муассасалари билан яқин ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган.

Ўн бешдан зиёд бизнес бошқарув йўналишида йўлга қўйилган таълим жараёни амалий натижаларга йўналтирилган илмий-тадқиқот фаолияти билан уйғунлаштирилган. Хусусан, 2023 йил университет профессор ва ўқитувчиларининг илмий мақолалари дунёнинг 40 дан ортиқ нуфузли журналларида чоп этилган.

Музокаралар чоғида ISB раҳбарияти Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли янгиланиш жараёни, жумладан, таълим соҳасидаги изчил ислоҳотлар, ёш авлод вакилларига замонавий ва рақобатбардош билимларга эга мутахассислар бўлиб етишиш учун яратилаётган шароитлардан яхши хабардор эканини маълум қилди. Мамлакатимизнинг бизнес ва иқтисодий соҳалар учун мутахассислар етиштиришга ихтисослашган олий билим юртлари билан ўзаро манфаатли алоқалар ўрнатишга қизиқиш билдирди.

- Ҳиндистон ва Ўзбекистон олий таълим соҳасида, хусусан, бизнес бошқарувига оид билимлар йўналишида ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилиш учун катта имкониятларга эга, - дейди Ҳиндистон бизнес мактаби халқаро алоқалар бўйича директори Кумара Гуру. – Маълумки, бугунги кунда Ҳиндистон барча соҳа ва йўналишлар қатори таълим соҳасини ривожлантириш ва олий билим юртларининг мамлакат иқтисодиётининг изчил тараққиётидаги ўрни ва аҳамиятини юксалтириш масаласига алоҳида эътибор қаратмоқда. Биз ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан ушбу йўналишдаги шериклик истиқболларини муҳокама қилишга тайёрмиз.

Мулоқот чоғида қўшма ўқув курслари шакллантириш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашув дастурларини амалга ошириш ва бошқа йўналишларда алоқалар ўрнатиш масалалари муҳокама қилинди.

Элчихона вакиллари, шунингдек, ушбу олий таълим муассасасида анъанавий тарзда ташкил этиладиган «Insights. Forum – 2024» йиллик илмий-амалий анжуманда ҳам иштирок этди.

Ушбу тадбир доирасида Ҳиндистон таълим вазири Дҳармендра Прадҳан билан бўлиб ўтган учрашув чоғида мамлакатимизда таълим соҳасига қаратилаётган алоҳида эътибор, университет ва институтларнинг миллий иқтисодиёт ривожига қўшаётган муносиб ҳиссаси ҳақида сўзлаб берилди. Икки мамлакат таълим муассасаларининг ҳамкорлик алоқаларини мазмунан янги босқичга кўтариш юзасидан ўзаро фикр алмашилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш