Logo

Ўзбекистон вакиллари Россиянинг Екатеринбург шаҳрида бўлиб ўтган III Халқаро хотин-қизлар форумида иштирок этди

Июнь 03, 2025. 19:15 • 2 дақ

69
Ўзбекистон вакиллари Россиянинг Екатеринбург шаҳрида бўлиб ўтган III Халқаро хотин-қизлар форумида иштирок этди

ЕКАТЕРИНБУРГ, 4 июнь. /"Дунё" АА/. Мамлакатимиз Бош консулхонаси кўмагида Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасида доимий асосда ишловчи сенатор Гулнора Маруфова ва Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари – оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича бошқарма бошлиғи Ҳафиза Ортиқованинг "Ҳамжиҳатлик. Бирлик. Тараққиёт" шиори остида Россиянинг Екатеринбург шаҳрида бўлиб ўтган III Халқаро хотин-қизлар форумида иштироки ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мазкур нуфузли халқаро тадбирда 20 дан ортиқ хорижий давлатдан 5 мингдан зиёд иштирокчилар қатнашди.

Сенатор Гулнора Маруфова форумнинг ялпи мажлисидаги чиқишида мамлакатимизда ҳар йили раҳбарлик лавозимларида фаолият юритаётган аёллар сони ортиб бораётгани алоҳида қайд этиб, Ўзбекистоннинг "Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида"ги Қонуни қабул қилинганини ҳамда гендер тенгликни таъминлаш масаласига давлат сиёсати даражасида ёндашув ҳақида фикр юритди.

Ўзбекистонда аёллар жамият ва давлатни бошқариш жараёнларига жалб этилаётганлиги билдириб ўтилди. Хусусан, 2024 йил 27 октябрь куни бўлиб ўтган парламент сайловида янгидан сайланган депутатларнинг 38 фоизини хотин-қизлар ташкил этиши, бу мамлакатимиз тарихида энг юқори кўрсаткич бўлгани таъкидланди.

Шунингдек, Халқаро хотин-қизлар форуми доирасида Ўзбекистон вакиллари Свердловск областининг депутатлари, ҳукумат вакиллари ҳамда тадбиркор аёллари билан қатор учрашувлар ўтказди. Уларда икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба алмашиш, хизматлар соҳасида экспорт салоҳиятини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди, шунингдек, қўшма тадбирлар ўтказиш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.

 Хусусан, Свердловск вилояти халқаро ва ташқи иқтисодий алоқалар вазири ўринбосари Людмила Берг билан кечган суҳбатда Ўзбекистон ҳудудлари билан олиб борилаётган конструктив ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик икки мамлакат иқтисодий ривожланишига катта ҳисса қўшаётгани таъкидланди. 

Свердловск раҳбари Денис Паслер билан кечган мулоқот аввалида у Ўзбекистон вакилларининг форумдаги иштироки учун миннатдорлик билдирди. Томонлар гендер тенглик соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида қўшма дастурларни ишлаб чиқиш таклифини қўллаб-қувватладилар.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш