Ёшлар Парламенти аъзолари учун “Парламент мактаби” лойиҳаси доирасида ўқув оромгоҳи ташкил этилди
Декабрь 16, 2025. 09:35 • 2 дақ
• 372БЎСТОНЛИҚ, 16 декабрь. /“Дунё” АА/. 2025 йилнинг 9-14 декабрь кунлари Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар Парламенти аъзолари учун “Парламент мактаби” лойиҳаси доирасида ўқув оромгоҳи ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур ўқув оромгоҳи Ёшлар парламенти аъзоларининг малакасини ошириш, мамлакатимизда қабул қилинаётган қонунларнинг мазмун-моҳиятини чуқур англаш, шунингдек, юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни ёшлар орасида тарғиб этишга қаратилган.
Жумладан, иштирокчиларга соҳанинг кучли эксперт ва мутахассислари томонидан дипломатик протокол ва этикет, қонунчилик жараёнда ёшларнинг ўрни, етакчилик, жамоа билан ишлаш, коррупцияга қарши курашиш маданиятини шакллантириш ҳамда кибер хавфсизлик каби муҳим йўналишларда назарий ва амалий кўникмалар берилди.
“Мазкур лойиҳа биз ёшлар учун масъулият ва имкониятдир. Бу каби платформалар нафақат билимларимизни бойитади, балки, дўстона мулоқот ва янги ташаббусларни шакллантириш учун самарали майдон бўлиб хизмат қилади. Мен ушбу жараённинг фаол иштирокчиси сифатида олинган билим ва кўникмаларни келгусида ёшларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, мамлакатимиз ёшларининг ривожига муносиб ҳисса қўшиш ҳамда ёшларга оид қонунчилик ташаббусларида уларнинг овози ва манфаатларини илгари суриш йўлида амалда қўллаш ниятидаман”, — дейди Ёшлар парламенти аъзоси Рухшона Абдуразакова.
Ўқув оромгоҳи давомида иштирокчилар қонунчилик жараёнлари, парламент назорати механизмлари, ёшларнинг давлат бошқарувидаги ўрни, шунингдек, коррупцияга қарши курашишнинг замонавий ёндашувлари юзасидан фикр алмашдилар. Мазкур лойиҳа ёшларнинг сиёсий саводхонлигини ошириш, мустаҳкам фуқаролик позициясини шакллантириш ва келажакда давлат бошқарувида фаол иштирок этиши учун муҳим замин яратади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Аёлларнинг давлат бошқарувидаги ролини ошириш бўйича конференция ташкил этилди
"Умра-2025" янги мавсуми бошланди


