Ўзбекистон делегацияси Жидда шаҳрида бўлиб ўтаётган «Исломда аёллар» мавзусидаги халқаро конференцияда иштирок этмоқда
Ноябрь 07, 2023. 10:08 • 2 дақ
• 210
ЖИДДА, 7 ноябрь. /«Дунё» АА/. Кеча Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Бош котибиятида ушбу ташкилотга аъзо давлатлар вакиллари иштирокида «Исломда аёллар» мавзусида халқаро конференция ўз ишини бошлади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Тадбирда Ўзбекистон Президенти маслаҳатчиси Музаффар Комилов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси иштирок этмоқда.
Анжуманда ИҲТга аъзо давлатларда аёлларнинг жамият тараққиётига қўшаётган ҳиссасини ошириш, ислом динида аёллар ҳуқуқлари ҳамда уларга тўсқинлик қилаётган салбий қарашларни бартараф этиш масалалари муҳокама қилинмоқда.
Тадбир бешта ишчи сессиядан иборат бўлиб, унда аёлларнинг мақоми ва уларнинг Исломдаги ҳақ-ҳуқуқлари, мусулмон аёлларни таълим ва иш билан таъминлаш ҳамда замонавий жамиятларда аёллар билан боғлиқ турли муаммолар кўриб чиқилади.
Конференциянинг очилиш қисмида сўзга чиққан Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири Файсал бин Фархон мамлакатда аёлларнинг ўрни ва мавқеини янада мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил айтиб ўтди. У аёлни эъзозлаш, унга эҳтиром кўрсатиш ислом динидаги энг олижаноб хусусиятлардан бири эканлигини алоҳида таъкидлади.
Бугун Ўзбекистон делегацияси раҳбари Музаффар Комилов «Янги Ўзбекистон шароитида миллий-диний қадриятларга эътибор ҳамда аёллар ҳуқуқларининг таъминланиши масалалари» мавзусида маъруза қилиши кутиляпти. Унда мамлакатимизда аёллар ҳақ-ҳуқуқини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарали натижалари ҳақидаги муҳим маълумотлар ИҲТга аъзо давлатлар вакиллари эътиборига тақдим этилади.
Халқаро конференция 9 ноябрга қадар давом этади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Аёлларнинг давлат бошқарувидаги ролини ошириш бўйича конференция ташкил этилди