Logo

ЖИДУда Туркий давлатлар ташкилоти моделининг симуляцияси бўлиб ўтди

Апрель 30, 2025. 16:24 • 2 дақ

236
ЖИДУда Туркий давлатлар ташкилоти моделининг симуляцияси бўлиб ўтди

ТОШКЕНТ, 30 апрель. /"Дунё" АА/. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида (ЖИДУ) Туркий давлатлар ташкилоти форматида академик симуляция — ТДТ Моделининг очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Унинг мақсади ёшлар орасида туркий давлатлар ўртасидаги минтақавий ҳамкорлик ва бирдамлик ғояларини оммалаштириш, шунингдек, уларни сиёсий мулоқот ҳамда халқаро дипломатия тамойиллари билан таништириш ҳисобланади.

 "Туркий бирдамлик: барқарор келажак сари янги қадамлар" мавзусига бағишланган тадбирни Zoom орқали Истанбулдаги ТДТ бош қароргоҳидан Ўзбекистон вакили Муроджон Мустофаев очиб берди.

Симуляция давомида туркий давлатлар етакчилари сифатида иштирок этувчи талабалар сиёсат, иқтисод, хавфсизлик ва энергетика каби муҳим соҳаларда музокаралар олиб боришди. Ролли ўйин иштирокчилари "ўз" мамлакати позицияси, асосли ёндашув ва стратегик қарашларини намойиш қилиб, ўзларини исботлашга бор куч-ғайратини билдиришди.

"Саммит" давомида ТДТ мамлакатлари делегациялари асосий эътиборни минтақавий муаммоларга қаратди, уларни ҳал этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқди ва халқаро миқёсда келишувларга эришди.

Ҳақиқий дипломатик форматдаги музокаралар якунида "Тошкент декларацияси – 2025" қабул қилинди. Ҳужжат талабалар томонидан ишлаб чиқилганига қарамай, унда Туркий давлатлар ташкилоти бугунги кунда вужудга келаётган янги дунё тартиби ва халқаро институтлар тизимида муҳим ўрин тутаётгани таъкидлаб, ҳақиқий сиёсий мулоқот элементларини ўз ичига олган.

Ташкилотчиларнинг фикрича, Туркий давлатлар ташкилоти модели ёшларда етакчилик салоҳияти, дипломатик мулоқот маданияти ва халқаро муаммоларга тизимли ёндашишда муҳим аҳамият касб этади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш