Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази ҳузурида янги Жамоатчилик кенгаши ўз ишини бошлади
Февраль 28, 2025. 15:28 • 2 дақ
• 205
ТОШКЕНТ, 28 февраль. /"Дунё" АА/. Кеча Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази ҳузурида қайта ташкил этилган Жамоатчилик кенгашининг таъсис йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази матбуот хизмати маълумотига кўра, унда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мазкур соҳадаги халқаро мажбуриятларни амалга ошириш борасидаги саъй-ҳаракатлар фуқаролик жамияти институтлари, фуқаролар, оммавий ахборот воситалари – кенг жамоатчилик вакиллари айни жараёнларга жалб қилингандагина кутилган самараларини бериши ва бу борада Ўзбекистон Президентининг 2024 йил 26 августда қабул қилинган "Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони катта аҳамият касб этиши ҳақида сўз борди.
Таъсис йиғилишида Жамоатчилик кенгашининг асосий фаолият йўналишлари, мақсад ва вазифалари ҳамда келгусидаги режалари муҳокама қилинди.
Жамоатчилик кенгаши йиғилишида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий стратегиясининг 2020-2024 йилларда бажарилиши ҳолатига баҳо берилди. Шунингдек, Марказ томонидан "Ўзбекистон – 2030" стратегиясини "Атроф-муҳитни асраш ва "яшил иқтисодиёт" йилида амалга оширишга оид давлат дастурига мувофиқ ишлаб чиқилаётган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистоннинг 2030 йилгача Миллий стратегияси лойиҳаси муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, йиғилишда Жамоатчилик кенгашининг фаолиятига оид ташкилий масалалар ҳам кўриб чиқилди. Жумладан, Кенгашнинг Низоми ва таркиби тасдиқланди. Жамоатчилик кенгаши таркиби мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ҳимоясига, жумладан болалар, аёллар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг бошқа қатламлари ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ҳисса қўшиб келаётган жамоатчилик вакиллари, жумладан, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, таълим ва фан соҳаси вакилларидан иборат.
Жамоатчилик билан ишлаш соҳасида кўп йиллик тажрибага эга бўлган Ўзбекистон Нотариал палатаси раиси Дилшод Ашуров Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг раиси этиб сайланди.
Жамоатчилик кенгашининг котиби лавозимига инсон ҳуқуқлари соҳасидаги илмий тадқиқотларга, таълим ва тарбияга катта ҳисса қўшиб келаётган тажрибали педагог, таниқли олима – Тошкент давлат юридик университети профессори, юридик фанлар доктори Гавҳар Юлдашева сайланди.
Йиғилиш якунида Кенгаш аъзолари инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро шартномаларнинг бажарилишини мониторинг қилишда жамоатчилик назоратини кучайтириш бўйича таклифлар тайёрлаш, Марказ фаолиятини мониторинг қилиб бориш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тадбирлари самарасини яхшилаш бўйича тавсиялар билдириш юзасидан келишиб олдилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Аёлларнинг давлат бошқарувидаги ролини ошириш бўйича конференция ташкил этилди