Ўзбек миллий қўғирчоқ театри Берлинда ўтказилган 37-Халқаро эртаклар фестивалида муваффақиятли иштирок этди
Ноябрь 22, 2026. 11:00 • 2 дақ
• 90БЕРЛИН, 22 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбек миллий қўғирчоқ театри ижодий жамоаси Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси биносида берлинлик мактаб ўқувчилари учун “Карвонсарой” спектаклини муваффақиятли намойиш этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбир элчихона томонидан “Märchenland e.V.”, “San’at – Forum für Kunst, Kultur und Wissenschaft e.V.” ва “Kulturbrücke e.V.” жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Элчихона ташаббуси билан Ўзбекистон бу йил илк бор 20 та давлат вакилларини бирлаштирган 37-Халқаро “Берлин эртак кунлари – 2026” (Berliner Märchentage) фестивалида иштирок этмоқда. Машҳур спектакль немис ўқувчиларига “Берлиндаги элчихоналар чорлайди: Ўзбекистон эртаклари” дастури доирасида тақдим этилди.
“Карвонсарой” спектакли орқали германиялик ўқувчилар Ўзбекистон қадимдан цивилизация марказларидан бири бўлгани, Буюк ипак йўли бўйлаб карвонлар қатнови туфайли савдо ва илм-фан равнақ топгани, хусусан, Самарқанд ва Бухоро каби тарихий шаҳарларнинг аҳамияти ҳақида тасаввурга эга бўлдилар. Спектакль ўзбек тилида ижро этилганига қарамай, қизиқарли саҳна кўринишлари, қўғирчоқлар ҳаракати, шўх куйлар ва доира садолари ёш томошабинларда катта қизиқиш уйғотди.
Намойишдан сўнг ўқувчилар актёрлар билан суҳбатлашиб, миллий қўғирчоқ санъати сирлари ва саҳна усуллари билан яқиндан танишдилар. Шунингдек, болалар учун дипломатик ваколатхона биноси бўйлаб экскурсия ташкил этилиб, уларга замонавий Ўзбекистон, унинг бой маданий ва илмий мероси ҳақида маълумот берилди. Бундан ташқари, фестиваль доирасида “Карвонсарой” спектакли “Blackmore’s – Berlins Musikzimmer” саҳнасида ҳамда “Felicio” қўғирчоқ театрида ҳам муваффақиятли намойиш этилди.
Берлин Сенати ва Депутатлар палатаси ҳамкорлигида ташкил этилган 37-Халқаро “Берлин эртак кунлари – 2026” фестивали 18 кун давом этиб, унинг доирасида 500 дан ортиқ маданий-маърифий тадбир ва театр томошалари ўтказилиши режалаштирилган. Ўзбекистонлик санъаткорларнинг ушбу нуфузли анжумандаги иштироки халқимизнинг бой маданий мероси ва анъаналарини халқаро жамоатчилик орасида кенг тарғиб этишга хизмат қилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



