“Notizie Geopolitiche”: Ўзбекистон “Яшил” иқлим фонди кўмагида ландшафтни муҳофаза қилиш бўйича кенг кўламли дастурни ишга туширмоқда
Ноябрь 20, 2026. 17:30 • 2 дақ
• 20
РИМ, 20 ноябрь. /“Дунё” АА/. Италиянинг “Notizie Geopolitiche” онлайн-нашрида “Ўзбекистон COP31 да Марказий Осиё иқлими учун 264 миллионлик режани тақдим этди” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада қайд этилишича, Президент Шавкат Мирзиёев Туркия президентининг таклифига биноан Анталия шаҳрида бўлиб ўтган БМТ иқлим конференциясида иштирок этди.
Нашр Ўзбекистоннинг асосий ҳиссаларидан бири сифатида Марказий Осиёда иқлимга барқарор ландшафтни ривожлантириш дастурининг ишга туширилганини таъкидлайди. Етти йилга мўлжалланган мазкур дастур Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, октябрь ойида “Яшил” иқлим фонди томонидан маъқулланган.
Унинг умумий бюджети 264,4 миллион еврони ташкил этади, шундан 103,7 миллион евроси Ўзбекистонга йўналтирилади. Маблағлар ўрмон ва яйловларни тиклаш, фермерларга ўзгараётган шароитларга мослашишда ёрдам бериш ҳамда табиий ресурслар бошқарувини яхшилашга сарфланади.
Нашрнинг ёзишича, конференция доирасида Давлатимиз раҳбари Финляндия, Словения ва Грузия етакчилари, шунингдек, Саудия Арабистонининг энергетика вазири бошчилигидаги делегация билан музокаралар ўтказди. Шунингдек, халқаро ташкилотлар раҳбарлари – “Яшил” иқлим фонди, Жаҳон банки, ТИКБ ва Жаҳон метеорология ташкилоти вакиллари билан иқлимни молиялаштириш ва сув хавфсизлиги масалалари муҳокама қилинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси