Самарқандда Парламентлараро иттифоқ ёш аъзоларининг XII халқаро конференцияси бўлиб ўтади

Август 19, 2026. 19:30 • 2 дақ

136
Самарқандда Парламентлараро иттифоқ ёш аъзоларининг XII халқаро конференцияси бўлиб ўтади

ТОШКЕНТ, 19 август. /“Дунё” АА/. Жорий йил 4–6 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Парламентлараро иттифоқ ёш аъзоларининг XII халқаро конференцияси бўлиб ўтади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

“Таҳликали даврда барча учун шахсий ҳуқуқ, адолат ва қадр-қимматни тиклаш” мавзусида ўтказиладиган ушбу конференцияда 183 мамлакатдан 15 та халқаро ташкилот, 50 нафарга яқин доимий кузатувчи ҳамда 300 нафар иштирокчи қатнашиши кутилмоқда.

Тадбир доирасида турли сессиялар ўтказилиб, унда иштирокчилар бугунги давр ёшларининг ҳолати ва ҳуқуқлари билан боғлиқ долзарб масалаларни муҳокама қилади.

Хусусан, турли низолар юзага келаётган шароитда ёшлар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга зарур шарт-шароитлар яратиш, бандлигини таъминлаш, шунингдек, хотин-қизларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.

Ташкил этиладиган дастурлар инновацион ва интерактив форматларда ташкил этилади. Бундай ёндашув нафақат фикр алмашишни мазмунли ташкил этиш, балки турли давлат парламентлари ёш аъзолари ўртасида дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.

Конференция доирасида Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ)га эришишда парламентлараро ҳамкорликнинг ўрнига бағишланган халқаро форум ҳам ўтказилади. Мазкур тадбирда БРМни илгари суришда парламентлараро алоқаларнинг роли, ёшларнинг глобал кун тартибини амалга оширишга қўшаётган ҳиссасини кучайтириш имкониятлари кўриб чиқилади.

Шунингдек ўқинг

Учрашувлар кун тартибидаги асосий масалалар юзасидан парламент аъзоларининг таклиф ва тавсиялари, ташаббус ва муштарак ёндашувларини ўз ичига олган якуний ҳужжат қабул қилиниши режалаштирилган.

Конференциянинг расмий сессиялари 4–5 сентябрь кунлари бўлиб ўтади. 6 сентябрь куни эса тадбир ташкилотчилари томонидан маданий-маърифий дастур ташкил этилади.

Ёш парламент аъзоларининг анъанавий конференциясини ўтказиш механизми 2014 йилда таъсис этилган. Мазкур механизм ёшларнинг парламент фаолиятидаги иштирокини кенгайтириш, қонунчилик бўйича тегишли тавсиялар ишлаб чиқиш, ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ва салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган.

Парламентлараро иттифоқнинг ёшларнинг сиёсий ҳаётдаги иштирокини қўллаб-қувватлаш борасидаги ташаббуси 2010 йилдан бошланган. Ўша йили ташкилотнинг Бангкок шаҳрида бўлиб ўтган 122-ассамблеясида “Ёшларнинг демократик жараёндаги иштироки” тўғрисидаги резолюция қабул қилинган.

Ушбу ташаббуснинг мантиқий давоми сифатида 2013 йилда Парламентлараро иттифоқ фаолиятида ёш кадрларнинг иштирокини кенгайтиришга қаратилган расмий орган — Ёш парламентарийлар форуми ташкил этилган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Maftuna Rajabbayeva

maftuna@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш