Самарқанд биринчи “Ўзбекистон – Канада” парламентлараро форумига мезбонлик қилади
Январ 27, 2026. 11:37 • 44 сония
• 108
ТОШКEНТ, 27 январь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев кеча Канада Парламенти Жамоалар палатасидаги “Канада–Ўзбекистон” дўстлик гуруҳи раиси Зияд Абуалтаиф билан видеоконференцалоқа шаклида учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Сенат маълумотига кўра, музокаралар чоғида Ўзбекистон ва Канада ўртасидаги парламентлараро ҳамкорликни изчил ривожлантириш ва мустаҳкамлаш бўйича томонларнинг ўзаро манфаатдорлиги қайд этилди.
Ўзбекистон Олий Мажлиси делегациясининг 2025 йил 26–27 ноябрь кунлари Канадага ташрифи ҳамда Канада парламентида Ўзбекистон кунининг муваффақиятли ўтказилгани юқори баҳоланди.
“Ўзбекистон – Канада” биринчи парламентлараро форумини 2026 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказиш масаласи муҳокама қилинди. Шунингдек, Канада делегациясининг мамлакатимизга ташрифи доирасида савдо-инвестициявий ҳамкорлик, жумладан муҳим минераллар, қишлоқ хўжалиги, тоза энергетика, таълим ва инновациялар соҳаларида қўшма “Ўзбекистон – Канада” бизнес форумини ўтказиш масаласи кўриб чиқилди.
Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон ва Канада ўртасидаги парламентлараро мулоқотни ривожлантириш йўлида ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга тайёр эканликларини таъкидлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
