Ҳиндистон Бош вазири 29-30 август кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлади
Август 28, 2026. 17:05 • 2 дақ
• 162
ТОШКЕНТ, 28 август. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди 29-30 август кунлари давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, бўлажак музокаралар кун тартибидан Ўзбекистон – Ҳиндистон стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш ҳамда кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ўрин олган.
Тизимли сиёсий мулоқот ва маданий-гуманитар алмашинувни кенгайтириш, савдо, энергетика, кимё, геология, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, машинасозлик ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида аниқ дастурлар ва кооперация лойиҳаларини илгари суришга устувор эътибор қаратилади.
Халқаро сиёсат ва минтақавий кун тартибининг долзарб масалалари ҳамда кўп томонлама тузилмалар доирасидаги ҳамкорлик юзасидан фикр алмашилади.
Учрашув якунида икки томонлама ҳужжатларнинг салмоқли тўпламини имзолаш кўзда тутилган.
Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати архивидан олинган сурат
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси