Қашқадарё мева-сабзавотлари юқори қўшилган қийматли маҳсулотларга айланмоқда

Октябрь 21, 2026. 16:50 • 2 дақ

• 8
Қашқадарё мева-сабзавотлари юқори қўшилган қийматли маҳсулотларга айланмоқда

ТОШКЕНТ, 21 октябрь. /“Дунё” АА/. Президент Шавкат Мирзиёев бугун “Қашқадарё” эркин иқтисодий зонасидаги “Wosune Food Ingredients Karshi” корхонаси фаолияти билан танишди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, ҳудудда етиштирилаётган мева-сабзавотларни чуқур қайта ишлашга ихтисослашган янги корхона хомашёдан юқори қўшилган қийматли маҳсулот тайёрлаб, уни ташқи бозорларга етказиб бериш билан шуғулланмоқда.

АҚШнинг “Wosune International Inc” компанияси сармояси ҳисобидан барпо этилган корхонанинг қиймати 8,5 миллион доллар. Бу ерда 150 та доимий иш ўрни яратилган.

Бу ерда сабзи, булғор қалампири, ошқовоқ, олма, кўк пиёз, исмалоқ ва турли кўкатлар конвекцион ускуналарда қуритилади. Ушбу технология маҳсулотнинг табиий таъми ва озуқавий хусусиятларини сақлашга хизмат қилади. Ишлаб чиқариш жараёнининг 30 фоизи роботлаштирилган.

Шунингдек ўқинг

Тайёр ингредиентлар тез тайёрланадиган таомлар, зираворлар, консервалар ва косметика маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи компанияларга етказиб берилади. Маҳсулотлар Россия, Европа ва МДҲ давлатларига экспорт қилинмоқда. Йиллик экспорт ҳажмини 40 миллион долларга етказиш режалаштирилган.

Хомашё таъминотини кенгайтириш мақсадида вилоятдаги деҳқон хўжаликлари билан тўғридан-тўғри кооперация алоқаларини йўлга қўйиш кўзда тутилмоқда.

Давлатимиз раҳбари корхонанинг ишлаб чиқариш жараёни ва маҳсулотларини кўздан кечирди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш