Исломободда Ўзбек тили байрами куни кенг нишонланди

Октябрь 21, 2026. 15:30 • 3 дақ

• 70
Исломободда Ўзбек тили байрами куни кенг нишонланди

ИСЛОМОБОД, 21 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонасида 21 октябрь – Ўзбек тили байрами кунига бағишлаб маънавий-маърифий тадбир ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Учрашувда ватандошлар ва уларнинг фарзандлари, Покистон эксперт-таҳлил доиралари вакиллари, Исломобод шаҳридаги Замонавий тиллар миллий университети ўқитувчилари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев ўзбек тилининг давлат ва жамият ҳаётида тутган ўрни ва аҳамияти, уни янада ривожлантириш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар тўғрисида алоҳида тўхталиб ўтди.

Тадбирда ўзбек тили халқимизнинг кўп асрлик тарихи, маънавий мероси, миллий тафаккури ва маданий ўзлигини ўзида мужассам этган бебаҳо бойлик экани таъкидланди. Давлат тилининг нуфузини ошириш, унинг халқаро миқёсдаги мавқеини мустаҳкамлаш ҳамда ёш авлодни она тилига ҳурмат руҳида тарбиялаш муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.

Алишер Тўхтаевнинг фикрича, давлатимиз раҳбари бошчилигида ўзбек тилининг мавқеини мустаҳкамлаш ва уни халқаро миқёсда тарғиб қилишга катта эътибор қаратилмоқда. Ўзбек тилида таълимни ривожлантириш, тил меросини асраб-авайлаш ва ижодкорларни қўллаб-қувватлаш учун қулай шароит яратишга қаратилган кўплаб ташаббуслар амалга оширилди.

Шунингдек ўқинг

Хорижда, хусусан, Покистонда ўзбек тилини ўрганишни қўллаб-қувватлаш учун махсус дарсликлар ва ўқув қўлланмалари ишлаб чиқилмоқда, янги луғатлар нашр этилмоқда, турли замонавий IT-дастурлар яратилмоқда. Жорий йилда Ўзбекистон ва Покистон тилшунос олимлари ҳамда таржимонлари томонидан “Ўзбек ва урду тилларидаги муштарак сўзлар луғати” чоп этилди.

Шунингдек, ўзбек адабиётининг атоқли адиблари машҳур асарлари урду тилига таржима қилиниб, алоҳида китоб шаклида нашр этилди. Бундан ташқари, Исломободдаги Замонавий тиллар миллий университетида Ўзбек тили кафедраси фаолият юритмоқда, Баҳрия университетида эса Ўзбекистон тили ва адабиёти марказини очиш бўйича ишлар давом этмоқда.

Исломобод шаҳридаги Замонавий тиллар миллий университети Ўзбек тили кафедраси ўқитувчиси Сания Исканова ўзбек тилининг минтақа маданияти ва адабиёти шаклланишига таъсири тўғрисидаги фикрларини баён қилди.

“Тадбирда қатнашиб, мамлакатимизнинг шонли тарихида ўзбек тилининг тутган муҳим ўрнини ҳис қилдим. Сўнгги йилларда мамлакатимизда ўзбек тилига берилаётган юксак эътибор таҳсинга лойиқ. Ҳозирги глобал даврда миллий қадриятларни ёш авлодга сингдириш муҳим аҳамият касб этади. Бунда она тилимизни ривожлантириш ва дунёга тарғиб қилиш алоҳида ўрин тутади”, – деди Сания Исканова.

Исломободдаги Замонавий тиллар миллий университети ўқитувчиси Маҳфуза Ҳасанова она тили инсоннинг миллий ўзлиги ва маънавий илдизларини белгилаб берувчи муҳим омил эканини таъкидлаб, хорижда яшаш шароитида ўзбек тилида сўзлашиш, миллий урф-одатларни сақлаш ва фарзандларга она тилини ўргатиш муҳимлигини қайд этди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш