Ўзбекистон Президенти Қаршидаги ресурс тежамкор тўқимачилик корхонаси билан танишди
Октябрь 21, 2026. 13:31 • 2 дақ
• 92
ТОШКЕНТ, 21 октябрь. /“Дунё” АА/. Президент Шавкат Мирзиёев бугун Қашқадарё вилоятига ташриф буюриб, “Қашқадарё” эркин иқтисодий зонасидаги “Sulton Tex Group” тўқимачилик кластерининг фабрикаси билан танишди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича жорий йил 13 мартда қабул қилинган қарор доирасида кластер томонидан мато ишлаб чиқариш ва бўяш фабрикаси ташкил этилди. Қиймати 54 миллион доллар бўлган лойиҳа натижасида йилига 20 минг тонна мато ишлаб чиқариш ва бўяш қувватига эга линиялар ишга туширилди. Фабрикада 840 та иш ўрни яратилди.
Корхонада сув ва энергия сарфини камайтиришга алоҳида эътибор қаратилган. Қиймати 3 миллион доллар бўлган ёпиқ сув айланиши тизими ишлаб чиқаришда фойдаланилган сувнинг 95 фоиздан ортиғини тозалаб, қайта ишлатиш имконини беради. Бунинг ҳисобига йилига 1,1 миллион куб метр сув тежалади.
Фабрикани узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш учун газ генератори ўрнатилган. Бино томи ва деворларига умумий қуввати 3,5 мегаватт бўлган қуёш панеллари жойлаштирилган. Ушбу ечимлар электр энергияси, иссиқ сув ва буғ таъминотидаги харажатларни камайтириб, маҳсулот таннархини пасайтиришга хизмат қилади.
Келгусида “Sulton Tex Group” кластери мазкур эркин иқтисодий зонада 70 миллион долларлик лойиҳани амалга ошириб, 3 минг 570 та иш ўрни яратиши режалаштирилган. Вилоятнинг бошқа туманларидаги қиймати жами 17 миллион доллар бўлган лойиҳалар эса яна 1 минг 220 кишини иш билан таъминлаши кўзда тутилмоқда.
Давлатимиз раҳбари фабрикадаги ишлаб чиқариш жараёни ва маҳсулотлар кўргазмаси билан танишди. Бу ерда жорий қилинган ресурс тежамкор технологиялар бошқа тўқимачилик корхоналари учун намуна бўлиши кераклигини таъкидлади.
Корхонада меҳнат қилаётган Дилором Холиёрова Президентимиз билан суҳбатда иш ўрни ва яратилган шароитлардан мамнун эканини билдириб, кўрсатилаётган қўллаб-қувватлов учун миннатдорлик изҳор этди.
– Инсон меҳнат қилса, албатта, натижаси ҳам бошқача бўлади. Мана шу янги авлод тадбиркорларимиз билан ҳозир мутлақо бошқа даражага чиқяпмиз, улар нафақат қўшимча қиймат занжири яратяпти, балки “яшил” технологиялар билан экологияга ғамхўрлигини ҳам намоён этмоқда – деди Президентимиз.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси