Ўзбекистон ва Сербия етакчилари кўп қиррали муносабатларни янада мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилдилар
Июль 24, 2026. 19:37 • 2 дақ
• 87
ТОШКЕНТ, 24 июль. /“Дунё” АА/. Бугун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Сербия Президенти Александр Вучич телефон орқали мулоқот қилдилар, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, Сербия Президенти Ўзбекистон етакчисини таваллуд куни билан самимий табриклаб, унга мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат ва давлатчилик фаолиятида улкан муваффақиятлар, Ўзбекистон халқига эса тинчлик ва равнақ тилади.
Ўзбекистон – Сербия кўп қиррали муносабатларни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Ўтган йилнинг октябрь ойида Сербия Президентининг Ўзбекистонга ташрифи якунлари бўйича эришилган келишувларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Савдо-иқтисодиёт, инвестиция, инфратузилма, маданий-гуманитар соҳаларда ҳамда туризм ва тартибли меҳнат миграцияси йўналишларида ҳамкорликни изчил ривожлантириш муҳимлиги таъкидланди.
Бўлажак қўшма тадбирлар режаси, хусусан, Ҳукуматлараро комиссиянинг биринчи йиғилишини ўтказиш ҳамда Ўзбекистон делегациясининг Белград шаҳрида бўлажак “EXPO-2027” халқаро кўргазмасида иштирок этиш масалалари кўриб чиқилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси