Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди
Июль 24, 2026. 20:34 • 2 дақ
• 57
ТОШКЕНТ, 24 июль. /“Дунё” АА/. Бугун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БАА Вице-президенти Шайх Мансур Ол Наҳаён билан телефон мулоқоти бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, суҳбат аввалида Шайх Мансур Ол Наҳаён Ўзбекистон Президентини таваллуд айёми билан самимий муборакбод этиб, унга мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт-саодат ҳамда масъулиятли давлатчилик фаолиятида улкан ютуқлар тилади.
Ўзбекистон билан БАА ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.
Ўтган йил январь ойида БААга олий даражадаги ташриф чоғида эришилган келишувлар самарали амалга оширилаётгани мамнуният билан қайд этилди.
Йил бошидан буён савдо айланмаси жадал ўсмоқда, лойиҳаларнинг умумий портфели 20 миллиард доллардан ошди, 400 дан зиёд қўшма корхоналар фаолият юритмоқда. Август ойидан “Etihad Airways” компанияси Абу-Даби – Тошкент йўналишида кунлик авиақатновларни йўлга қўяди.
Яқин мулоқотни давом эттириш, йирик лойиҳаларни жадаллаштириш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.
Минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати архивидан олинган сурат
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси