Президент Шавкат Мирзиёев: Ўзбекистон Италия билан шаклланган стратегик шериклик муносабатларини юксак қадрлайди

Сентябрь 04, 2026. 17:30 • 2 дақ

83
Президент Шавкат Мирзиёев: Ўзбекистон Италия билан шаклланган стратегик шериклик муносабатларини юксак қадрлайди

ТОШКЕНТ, 4 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Италия Вазирлар Кенгаши Раиси Жоржа Мелонига мактуб йўллади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

“Давлатимиз раҳбари Жоржа Мелонини Италия Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси лавозимида шу вақтга қадар энг узоқ муддат фаолият юритган Ҳукумат раҳбари сифатида тарих саҳифаларидан муносиб жой олгани билан самимий муборакбод этди, – деб ёзди Ўзбекистон Президенти матбуот котиби Шерзод Асадов ўз телеграм-каналида. – Президентимиз ушбу натижа Жоржа Мелонининг сиёсий иродаси ва қатъияти, давлатчилик масъулиятини чуқур ҳис этишига Италия халқи томонидан билдирилган юксак ишончнинг яққол тасдиғи эканини таъкидлади.

Ҳозирги ўта мураккаб ва тез ўзгараётган шароитда Италиянинг миллий манфаатларини қатъий ҳимоя қилиш, мамлакатнинг Европа Иттифоқи ва халқаро майдондаги обрў-эътибори ҳамда нуфузини янада мустаҳкамлаш борасида Жоржа Мелони олиб бораётган саъй-ҳаракатлар алоҳида эътироф этилди.

Президентимиз Италия Ҳукумати раҳбарининг Ўзбекистонга нисбатан дўстона муносабати ва икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни изчил кенгайтиришга қаратаётган доимий эътибори учун миннатдорлик билдирди.

Шунингдек ўқинг

Ўзбекистон Италия билан ўрнатилган стратегик шериклик муносабатларини юксак қадрлаши таъкидланди. Бугунги кунда сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик, маданий-гуманитар алоқалар тобора сермазмун тус олиб, икки томонлама муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилаётгани мамнуният билан қайд этилди.

Мактуб якунида давлатимиз раҳбари Жоржа Мелонига мустаҳкам соғлик, оилавий бахт-саодат ва масъулиятли давлатчилик фаолиятида улкан муваффақиятлар, дўст Италия халқига эса тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва бардавом равнақ тилади”.

Ўзбекистон Президенти Матбуот хизмати архивидан олинган сурат

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш