Доҳада “Ektashif: Uzbekistan” кўргазмаси бўлиб ўтади

Сентябрь 04, 2026. 15:30 • 2 дақ

67
Доҳада “Ektashif: Uzbekistan” кўргазмаси бўлиб ўтади

ДОҲА, 4 сентябрь. /“Дунё” АА/. Доҳадаги Ислом санъати музейида Ўзбекистоннинг маданий ва бадиий меросига бағишланган “ Ektashif: Uzbekistan ” кўргазмаси бўлиб ўтади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Бу ҳақда “QNA”, “The Peninsula”, “Gulf Times”, “Marhaba”, “Al-Monitor” каби нуфузли Қатар оммавий ахборот воситаларида маълум қилинган.

Экспозиция Қатар музейлари томонидан Ислом санъати музейи ва Қатар Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда етти нафар қатарлик рассомнинг 2025 йилда Ўзбекистонга уюштирган ижодий сафари таассуротлари асосида яратилган янги асарлари намойиш этилади. Кўргазма 28 ноябрга қадар давом этади.

Сафар доирасида рассомлар Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида бўлиб, тарихий обидалар ва анъанавий ҳунармандчилик билан танишди ҳамда ўзбекистонлик усталар билан бирга амалий маҳорат дарсларида қатнашди.

Тақдим этилган асарларда Темурийлар даври меъморчилиги, кулолчилик, тўқимачилик анъаналари ва ўзбек амалий санъатининг бошқа йўналишлари ўз ифодасини топган.

Ташкилотчилар Ўзбекистоннинг қадимий бадиий анъаналари замонавий ижодкорларни илҳомлантиришда давом этаётгани ва икки мамлакат ўртасидаги маданий мулоқот ривожига ҳисса қўшаётганини таъкидламоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш