Ўзбекистон Президенти ва Қувайт Валиаҳди телефон орқали суҳбатда Яқин Шарқ минтақасида вазият кескинлашувидан жиддий хавотир билдирдилар
Март 04, 2026. 18:13 • 2 дақ
• 68
=ТОШКЕНТ, 4 март. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун Кувайт Валиаҳди Шайх Сабоҳ ал-Ҳолид ал-Ҳамад ас-Сабоҳ билан телефон орқали суҳбатлашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, мулоқот чоғида охирги кунларда Яқин Шарқ минтақасида вазият кескинлашаётгани, мамлакатдаги турли инфратузилма объектларига берилган зарбалардан жиддий хавотир билдирилди. Бундай салбий ҳаракатлар халқаро ҳуқуқ тамойилларига зид эканлиги ва ушбу синовли дамларда Ўзбекистон биродар Кувайт халқи билан бирдам ҳамда елкадош экани таъкидланди.
Аҳолининг тинчлиги ва осойишталигига жиддий хавф туғдирадиган ҳар қандай хатти-ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш зарурлиги қайд этилди.
Фурсатдан фойдаланиб, давлатимиз раҳбари бу ерда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига кўрсатилаётган амалий ёрдам учун алоҳида ташаккур айтди. Шунингдек, Кувайт Амири Мишъал ал-Аҳмад ал-Жобир ас-Сабоҳ Аъло Ҳазратларига илиқ саломларини йўллади.
Ўз навбатида Кувайт Валиаҳди ҳозирги қийин вақтда изҳор этилган дўстона қўллаб-қувватлаш ва бирдамлик туйғулари учун Ўзбекистон етакчисига мамлакат раҳбарияти ва халқи номидан чуқур миннатдорлик изҳор этди.
Сурат Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати архивидан олинди
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси