Logo

Германия пойтахтида туркий дунёнинг маданий дипломатияси ва Наврўз қадриятлари намойиш этилди

Апрель 04, 2026. 16:00 • 2 дақ

68
Германия пойтахтида туркий дунёнинг маданий дипломатияси ва Наврўз қадриятлари намойиш этилди

БЕРЛИН, 4 апрель. /“Дунё” АА/. Туркиянинг Германиядаги элчихонасида туркий тилли давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари билан ҳамкорликда Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган тантанали тадбир ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Байрам сайрида Германиянинг расмий ва ишбилармон доиралари, Берлинда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари ҳамда туркий халқлар диаспоралари фаоллари иштирок этдилар.

Тантаналар доирасида ташкил этилган Ўзбекистон миллий стенди иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Унда юртимизнинг бой маданияти, ҳунармандчилик намуналари ва миллий либослари намойиш этилиши билан бирга, мамлакатимизнинг улкан сайёҳлик салоҳияти ҳақида батафсил маълумот берувчи материаллар тақдим этилди. Ўзбек санъаткорлари томонидан ижро этилган “Лазги”, “Андижон полкаси” каби жўшқин рақслар ҳамда меҳмонларга тортиқ қилинган шоҳона ўзбек палови тадбирга ўзгача файз бағишлаб, барчанинг юксак эътирофига сазовор бўлди.

Германия Иқтисодий ривожланиш ва ташқи савдо федерал ассоциацияси бошқарувчи директори Урс Ункауф мазкур тадбирни туркий тилли давлатлар ўртасидаги маданий ришталарнинг муҳим белгиси деб атади. Унинг фикрича, Наврўз байрами нафақат баҳор ва янгиланиш рамзи, балки бизнес ва жамоатчилик вакиллари учун бир даврага жам бўлиб, янги истиқболларни белгилаш учун қулай майдондир. Ассоциация раҳбари барча иштирокчиларни шарқона янги йил билан қутлаб, ҳамкорлик изчил давом этишига ишонч билдирди.

Берлиндаги Наврўз тантаналари туркий дунё мамлакатларининг маданий дипломатиясини мустаҳкамлашда навбатдаги муҳим қадам бўлди. Бу каби байрам тадбирлари Германия жамоатчилиги орасида Ўзбекистон ва қўшни давлатларга бўлган қизиқишни янада оширишга, сайёҳлик ва маданий алмашинувлар кўламини кенгайтиришга хизмат қилади.

 

Default Avatar

Материал муаллифи

Dunyo1

dunyo1@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш