Сурхондарёда уч минг йиллик тарихга эга шаҳар қолдиқлари топилди
Апрель 01, 2026. 08:15 • 2 дақ
• 2079
АНҚАРА, 4 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон ва Хитой археологлари Сурхондарё вилоятида тахминан уч минг йиллик тарихга эга бўлган қадимий шаҳар қолдиқларини топди, деб хабар бермоқда “Дунё” агентлиги Туркиянинг “Habergo” порталига таяниб.
Бандихон II археологик ёдгорлигида олиб борилган қазишмалар давомида олимлар милоддан аввалги X асрда барпо этилган ва VIII асргача мавжуд бўлган аҳоли манзили изларини аниқлаган.
Мутахассислар таъкидлашича, бу топилма илк темир давридаги аҳоли пунктлари қандай қурилгани ва қанақа вазифаларни бажарганини тушунишга ёрдам беради. Ёдгорликнинг шарқий қисмидаги қазишмалар ҳам қуйи маданий қатламлар айнан шу даврга тегишли эканини тасдиқлайди. Бу жой Бандихон воҳасидаги энг йирик ва яхши сақланган турар-жой мажмуаларидан бири ҳисобланади.
Сурхондарё вилояти Ўзбекистондаги энг бой археологик ҳудудлардан бири бўлиб, бу ерда кўплаб темир даврига оид ёдгорликлар мавжуд. Янги топилма минтақа тарихини янада чуқурроқ ўрганишга ёрдам беради.
Олимлар фикрича, топилган меъморий қолдиқлар ва артефактлар орқали қадимги одамларнинг кундалик ҳаёти, ижтимоий муносабатлари ва технологиялари ҳақида тасаввур ҳосил қилиш мумкин. Бу манзилгоҳ Марказий Осиёдаги қадимги савдо йўллари ва маданий алоқаларда муҳим ўрин тутган бўлиши мумкин.
Археологик тадқиқотлар давом эттирилиши орқали янада кўпроқ илмий маълумотлар олиниши ва минтақа тарихи ҳақидаги билимлар бойитилиши кутилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси