Logo

Ўзбекистон Президенти: Фарзандлари билимли, соғлом, мард ва жасур, доимо олдинга интилиб яшайдиган халқ ва давлатнинг келажаги албатта ёруғ бўлади

Июнь 30, 2025. 18:45 • 2 дақ

126
Ўзбекистон Президенти: Фарзандлари билимли, соғлом, мард ва жасур, доимо олдинга интилиб яшайдиган халқ ва давлатнинг келажаги албатта ёруғ бўлади

ТОШКЕНТ, 30 июнь. /"Дунё" АА/. 30 июнь – Ёшлар кунида Тошкентдаги Халқаро конгресс марказида давлат мукофотларини топшириш маросими бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мамлакатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, Ўзбекистон Президентининг 28 июндаги фармон ва қарорига мувофиқ, ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш мақсадида бир гуруҳ илғор йигит-қизлар "Келажак бунёдкори" медали ҳамда "Мард ўғлон" давлат мукофоти билан тақдирланган эди.

Давлатимиз раҳбари сўзининг аввалида йигит-қизларни Ёшлар куни билан табриклади. Болаларни юқори даражада ўқитиш, хорижий университетларга тайёрлаш, ёшларнинг стартап ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш бўйича муҳим ташаббусларни илгари сурди. Учрашувда ёшлар билан очиқ мулоқот бўлди.   

Шундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев ёшларга давлат мукофотларини топширди.

– Ёшликдаги ҳаракат бу – келажакдаги ютуқ дегани. Ёшликда орттирилган дўст – бир умрлик ҳамкор, таянч ва суянч дегани. Ҳеч қачон унутманг, фарзандлари билимли, соғлом, мард ва жасур, доимо олдинга интилиб яшайдиган халқ ва давлатнинг келажаги албатта ёруғ бўлади. Мен бутун Ўзбекистон ёшлари ана шундай фазилатлар эгаси бўлишини тилайман, – деди Шавкат Мирзиёев.

Мукофотланганлар давлатимиз томонидан ёшларга яратилаётган имкониятлар учун самимий миннатдорлик билдирди, келгусида янада катта натижаларга эришиб, халқимиз ишончини оқлашини таъкидлашди.

Тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, зиёлилар, ота-оналар иштирок этди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш