Ўзбекистон Президенти туризм ва бунёдкорлик лойиҳалари тақдимоти билан танишди
Апрель 14, 2025. 19:27 • 2 дақ
• 135
ТОШКЕНТ, 14 апрель. /"Дунё" АА/. Президент Шавкат Мирзиёев бугун туризм ва бунёдкорлик лойиҳалари тақдимоти билан танишди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, шу йил 9 апрелда бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Ўзбекистон етакчиси юртимизнинг бой тарихи ва маданияти, ажойиб табиатидан фойдаланиб, сайёҳларни ҳозиргидан 2-3 карра кўпайтириш мумкинлигини таъкидлаган эди.
Шундай хушманзара жойлардан бири – Бўстонлиқдаги "Чорвоқ дарвозаси" мажмуаси. Президентимиз ўтгани йили декабрда унинг қурилишини бориб кўрган эди, яқинда лойиҳанинг биринчи босқичи очилди. Мажмуада 16 та кўп қаватли уй, 3 та меҳмонхона, савдо ва маиший хизмат шохобчалари, кафе ва ресторанлар, банк офиси, автотураргоҳ бўлади. Бинолар тепасига қуёш панеллари ўрнатилади.
Тақдимотда мажмуанинг кейинги босқичларини қуриш, сайёҳлар учун жозибадорлигини ошириш борасидаги ишлар ҳақида ахборот берилди. Уни арзон ва экологик тоза энергия билан таъминлаш учун Чирчиқ дарёсида кичик гидро электр станция барпо этиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.
Яна бир лойиҳа Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида океанариум қуришга қаратилган. Чирчиқ дарёси бўйида 20 гектарда мўлжалланган ушбу океанариум сайёҳларни жалб этадиган яна бир маскан бўлади. Ёнида савдо-меҳмонхона мажмуаси ҳам қурилиб, уларда жами 1 минг 600 та иш ўрни очилади.
Шунингдек, Яккасарой туманида турар-жой ва ишбилармонлик маскани барпо этиш мўлжалланган. Унда кўп қаватли уйлар, боғча ва мактаблар, спорт ва соғломлаштириш масканлари, меҳмонхона ва савдо офислари бўлиши кўзда тутилган.
Президентимиз лойиҳаларнинг ҳуқуқий, молиявий жиҳатлари ҳамда инфратузилма масалаларини ҳар томонлама ўйлаб, чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади. Мутасаддиларга сифат ва муддатни аниқ белгилаб, бажарилишини назорат қилиш топширилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон Президентининг Туркманистонга амалий ташрифи якунланди
Ўзбекистон Президенти Япония Парламенти Маслаҳатчилар палатаси президенти билан учрашди
Ўзбекистон Президенти Япония Императори билан учрашди