Ўзбекистон Президенти Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманидаги "Инсон" ижтимоий хизматлар марказида бўлди
Июль 10, 2025. 20:11 • 2 дақ
• 481
ТОШКЕНТ, 10 июль. /"Дунё" АА/. Президент Шавкат Мирзиёев бугун пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманидаги "Инсон" ижтимоий хизматлар марказида бўлди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Ўзбекистон етакчиси матбуот хизмати маълумотига кўра, мамлакатимизда ижтимоий давлат, ижтимоий адолат тамойиллари устувор. Ушбу қадриятлар асосида барча ҳудудларда "Инсон" марказлари очилиб, меҳр ва кўмак тизими аҳолига яқинлаштирилмоқда.
Марказда 12 тоифадаги муҳтож инсонларга 100 дан ортиқ ижтимоий хизматлар кўрсатилади. Бунинг учун муассасада замонавий шароитлар яратилган. Мурожаатларни қабул қилиш, эҳтиёжни баҳолаш, хизматни белгилаш ва хизмат кўрсатиш жараёнлари инсонларга қулай тарзда йўлга қўйилган.
Энг муҳими, эндиликда вазифа бир марта ёрдам билан тугамайди. Ижтимоий хизматдан фойдаланувчининг кейинги ҳолати, ўзини ўнглаши ҳам мониторинг қилиб борилади. Мазкур барча жараёнлар рақамлаштирилган ва дахлдор ташкилотлар билан боғланган.
Шайхонтоҳурдаги марказда 25 нафар мутахассис ҳамда маҳаллаларда 51 нафар ижтимоий ходим фаолият кўрсатмоқда. Ногиронлиги бўлган болалар ва шахслар, ёлғиз кексалар билан манзилли тарзда иш юритилмоқда.
- Бу ер ҳар бир инсоннинг дарди билан яшайдиган, уларни рози қиладиган даргоҳ. Бу тизим орқали жамиятимизда ижтимоий адолат, инсон қадри қарор топади, - деди Президентимиз.
Шу ерда давлат-хусусий шериклик асосида "Имкониятлар олами" муассасаси ташкил этилган. Давлатимиз раҳбари ундаги шароитларни ҳам кўздан кечирди.
Муассасада 3 ёшгача гўдаклар учун эрта аралашув, ногиронлиги бўлган болалар учун ижтимоий мослашув ва реабилитация, шунингдек, кундузги парвариш ва қараб туриш хизматлари ташкил этилган. Ҳозирда бу 80 га яқин инсоннинг оғирини енгил қилмоқда. Уларга 12 нафар малакали ходим меҳр-эътибор кўрсатмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон Президентининг Туркманистонга амалий ташрифи якунланди
Ўзбекистон Президенти расмий ташриф билан Японияга жўнаб кетди