Ўзбекистон Президенти Ўмонга давлат ташрифи билан боради
Март 04, 2026. 17:27 • 2 дақ
• 136
ТОШКЕНТ, 4 март. /“Дунё” АА/. Бугун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Ўмон Султони Ҳайсам бин Ториқ Ол Саид ўртасида телефон суҳбати бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, мулоқотда Яқин Шарқдаги ҳозирги мураккаб вазият муҳокама қилиниб, юзага келган беқарорлик жиддий ташвиш уйғотаётгани қайд этилди.
Ўзбекистон Президенти Ўмон ҳудудида содир бўлган бундай ҳаракатлардан хавотирда эканини билдириб, Ўзбекистон ҳар қандай қарама-қаршилик ҳамда зиддиятни сиёсий-дипломатик ва тинч йўллар билан, музокаралар орқали ҳал қилишнинг қатъий тарафдори эканлигини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбари Султонликнинг минтақада хавфсизликни таъминлаш борасида амалга ошириб келаётган фаол воситачилик роли ва изчил саъй-ҳаракатларини алоҳида эътироф этди.
Шунингдек, Ўмонда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларининг хавфсизлигини таъминлаш ва уларни Ватанига қайтариш учун яратилаётган шарт-шароит учун Султон Аъло Ҳазратларига чуқур миннатдорлик билдирди.
Ўз навбатида, Ўмон Султони Ўзбекистон етакчисига ҳамжиҳатлик ва бирдамлик туйғулари учун ташаккур изҳор этиб, Масқатга бўлажак олий даражадаги тарихий ташриф юксак савияда ўтишига ишонч билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси