Ўзбекистон Президенти Иорданияга ташриф буюради
Март 04, 2026. 19:51 • 2 дақ
• 121
ТОШКЕНТ, 4 март. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун Иордания Подшоҳи Абдулла II ибн aл-Ҳусайн билан телефон орқали суҳбатлашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, мулоқот давомида сўнгги кунларда Яқин Шарқда кузатилаётган жараёнларнинг кескин тус олиши минтақавий хавфсизлик, барқарорлик ҳамда давлатлараро муносабатларга жиддий путур етказаётгани алоҳида таъкидланди.
Бутун мусулмон уммати учун муқаддас бўлган Рамазон ойида мамлакатлар суверенитети, фуқаролар тинчлиги ҳамда осойишталигига хавф туғдирадиган ҳар қандай хатти-ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш, низо ва муаммоларни тинч ва дипломатик йўллар билан ҳал этиш зарурлиги қайд этилди.
Мамлакатимиз етакчиси бундай синовли дамларда Иордания раҳбарияти ва халқи билан якдил ва бирдамлигини таъкидлади.
Ўз ўрнида Иордания Подшоҳи ушбу синовли кунларда чин дўстлик, самимий қўллаб-қувватлаш ва ҳамжиҳатлик сўзлари учун Президентимизга чуқур миннатдорлик изҳор этди. Яқин истиқболда Амманга бўлажак олий даражадаги тарихий ташриф юксак савияда ва сермаҳсул ўтишига қатъий ишонч билдирди.
Сурат Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати архивидан олинди
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси