Logo

Ўзбекистон Президенти БРИКС Янги тараққиёт банки раҳбарини қабул қилди

Июнь 09, 2025. 18:09 • 44 сония

528
Ўзбекистон Президенти БРИКС Янги тараққиёт банки раҳбарини қабул қилди

ТОШКЕНТ, 9 июнь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган БРИКС Янги тараққиёт банки президенти Дилма Русефни қабул қилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, ушбу кўп томонлама молиявий институт билан амалий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Ўтган йил октябрь ойидаги БРИКС саммити доирасида эришилган келишувлар изчил амалга оширилаётгани мамнуният билан қайд этилди.

Хусусан, банкнинг Бошқарувчилар кенгаши томонидан Ўзбекистон Янги тараққиёт банкига аъзо бўлишига принципиал розилик берилди. Умумий қиймати 5 миллиард долларлик биринчи навбатдаги қўшма лойиҳалар дастури шакллантирилди.

Давлатимиз раҳбари ирригация тизимларини модернизация қилиш, тоғ-кон саноатини ривожлантириш, хусусий секторни молиялаштириш, таълим ва инфратузилма соҳаларида давлат-хусусий шерикликни илгари суриш каби устувор йўналишларда лойиҳаларни тез фурсатда тайёрлаш ва амалга ошириш муҳимлигини таъкидлади.

Шунингдек, йирик минтақавий инфратузилма лойиҳалари қўллаб-қувватланди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш