Ўзбекистон Президенти Остона шаҳрида "Келажак ўйинлари"нинг очилиш маросимида иштирок этди

Июль 29, 2026. 19:15 • 2 дақ

105
Ўзбекистон Президенти Остона шаҳрида "Келажак ўйинлари"нинг очилиш маросимида иштирок этди

ТОШКЕНТ, 29 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун Остона шаҳрида “Келажак ўйинлари” учинчи халқаро мусобақасининг тантанали очилиш маросимида иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, “Барис Арена” муз саройида ўтказилган тадбирда Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон ва бошқа хорижий меҳмонлар ҳам қатнашди.

Маросим иштирокчиларига Россия Президенти Владимир Путин видеомурожаат йўллади.

Тадбирнинг тантанали қисмида фижитал спортнинг мазмун-моҳияти, яъни рақамли беллашувларни анъанавий спорт турлари ҳамда жисмоний фаоллик билан бирлаштирувчи йўналишлари ҳақида маълумот берилди. Мусобақанинг ғояси ёшларни анъанавий спорт билан шуғулланишга даъват этишдир.

Давлатимиз раҳбари халқаро турнир иштирокчиларини қутлади.

Бугун спорт ва технологиялар вазирлари, дипломатик миссиялар раҳбарлари ҳамда бошқа юқори мартабали вакиллар иштирокида фижитал спорт бўйича саммит ҳам бўлиб ўтди.

Биринчи “Келажак ўйинлари” 2024 йилда Қозон шаҳрида ўтказилган. Унинг очилиш маросимида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этган эди. Иккинчи турнир эса 2025 йилда Абу-Даби шаҳрида бўлиб ўтди.

Бу галги мусобақаларда Ўзбекистон вакиллари фижитал футбол, лазертаг ва рақс йўналишлари бўйича беллашади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш