Logo

Ўзбекистон Президенти Туркман халқининг миллий етакчисини "Олий Даражали Дўстлик" ордени билан мукофотлади

Апрель 24, 2025. 16:17 • 2 дақ

669
Ўзбекистон Президенти Туркман халқининг миллий етакчисини "Олий Даражали Дўстлик" ордени билан мукофотлади

ТОШКEНТ, 24 апрель. /"Дунё" АА/. Бугун икки томонлама музокаралар якунида Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедовга Ўзбекистон Республикасининг юксак давлат мукофоти – "Олий Даражали Дўстлик" орденини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё "АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, Ўзбекистон Президенти мукофотни топширар экан, Гурбангули Бердимуҳамедовнинг қардош мамлакатларимиз ўртасидаги анъанавий дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашдаги улкан хизматларини алоҳида қайд этди.


– Қардош Туркманистоннинг барча улкан ютуқлари, кенг кўламли янгиланишлари ва халқаро майдондаги нуфузи юксалиши сизнинг номингиз билан чамбарчас боғлиқ, – деди Ўзбекистон Президенти.


Туркманистонда иқтисодиётнинг барқарор ўсиши таъминланмоқда, аҳоли фаровонлиги изчил юксалмоқда. Президентимиз Туркман халқининг миллий етакчиси томонидан илгари сурилаётган глобал хавфсизлик ва барқарор тараққиётни таъминлаш йўлидаги халқаро ташаббусларни алоҳида қайд этди.


Шу муносабат билан Гурбангули Бердимуҳамедовнинг 2025 йилни "Тинчлик ва ишонч йили" деб эълон қилиш тўғрисидаги таклифи халқаро миқёсда кенг қўллаб-қувватлангани таъкидланди.


Шунингдек, Туркманистон етакчисининг шахсий саъй-ҳаракатлари туфайли Ўзбекистон-Туркманистон муносабатлари бугунги кунда юксак даражага чиққани, ҳақиқатдан намунавий тус олгани алоҳида эътироф этилди.


– Шахсан сизнинг кўмагингиз билан 2017 йилда давлатларимиз стратегик шериклигининг мустаҳкам асоси яратилди, – деди Президент Шавкат Мирзиёев.


Гурбангули Бердимуҳамедовга Ўзбекистон Республикасининг олий мукофоти топширилиши кўп миллатли халқимизнинг атоқли давлат арбоби, бугунги Туркманистоннинг миллий етакчиси ва меъмори сифатида унга нисбатан самимий ҳурмат-эҳтироми ифодаси бўлгани таъкидланди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш