Президентимиз мамлакатимизнинг фаол ва изланувчан ёшлари билан учрашди

Июнь 30, 2026. 12:50 • 4 дақ

30
Президентимиз мамлакатимизнинг фаол ва изланувчан ёшлари билан учрашди
Президентимиз мамлакатимизнинг фаол ва изланувчан ёшлари билан учрашди
Президентимиз мамлакатимизнинг фаол ва изланувчан ёшлари билан учрашди
Президентимиз мамлакатимизнинг фаол ва изланувчан ёшлари билан учрашди
Президентимиз мамлакатимизнинг фаол ва изланувчан ёшлари билан учрашди
Президентимиз мамлакатимизнинг фаол ва изланувчан ёшлари билан учрашди
Президентимиз мамлакатимизнинг фаол ва изланувчан ёшлари билан учрашди
Президентимиз мамлакатимизнинг фаол ва изланувчан ёшлари билан учрашди
Президентимиз мамлакатимизнинг фаол ва изланувчан ёшлари билан учрашди
Президентимиз мамлакатимизнинг фаол ва изланувчан ёшлари билан учрашди

ТОШКЕНТ, 30 июнь. /“Дунё” АА/. Президент Шавкат Мирзиёев бугун Олимпия шаҳарчасида Ёшлар куни муносабати билан ташкил этилган махсус кўргазмада мамлакатимизнинг фаол ва изланувчан ёшлари билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, Ўзбекистон етакчиси уларнинг маҳалла ҳаёти, экология, стартаплар, муҳандислик ва китобхонлик маданиятини юксалтириш каби соҳалардаги лойиҳалари билан танишди, лойиҳа ташаббускорлари билан шахсан мулоқот қилди.

Фарғона туманидаги Обод маҳалласи ёшлар етакчиси Исломбек Муҳаммаджонов ўз маҳалласида ташкил этган “Обод таълим” ўқув маркази орқали 600 нафар тенгдошини замонавий касблар ва хорижий тилларга ўқитган. У фаолиятини Германиянинг нуфузли компаниялари билан халқаро шартномалар асосида глобал бозорга олиб чиқишга эришганини сўзлаб берди. Ушбу амалий ҳаракат туфайли маҳалла ёшлар ишсизлиги ва жиноятчилигидан холи ҳудудга айлантирилган.

Шунингдек, “Яшил ташаббуслар” жамғармаси координатори, “Green University” магистранти Гулираъно Мамированинг ташаббуслари эътиборга молик. Унинг экологик-ижтимоий ва “яшил” инновациялар стартапларини йўлга қўйиш борасидаги ишлари давлатимиз раҳбарининг алоҳида эътиборини тортди.

Рангтасвир танловида “Энг оригинал ғоя” номинацияси ғолиби Одинахон Маъмуржонованинг ижодий интилишлари, жисмоний имконияти чекланганига қарамай, уйда таълим олаётган болалар учун “Ўқи ва юксал” лойиҳасини амалга ошириб келаётган Чинора Ғуломованинг матонати Президентимиз томонидан юқори баҳоланди. Уларнинг жамиятдаги инклюзив муҳитни мустаҳкамлашга қаратилган ташаббусларини тизимли қўллаб-қувватлаш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берилди.

Кўргазманинг стартаплар, тадбиркорлик ва касб-ҳунар майдонида ёшларимизнинг халқаро миқёсда рақобатлаша оладиган интеллектуал салоҳияти намойиш этилди.

Президент мактаби битирувчиси, Чикаго университети талабаси Асилбек Ашуров ўн саккиз ёшида “Makon AI” стартапини таъсис этиб, сунъий интеллектга асосланган SAT/AP тестларига тайёргарлик платформасини яратди.

Бугунги кунда стартапи АҚШ ҳамда Яқин Шарқ ва Шимолий Африка минтақасида 100 мингдан ортиқ мижоз ва инвесторлардан 380 минг доллар сармоя жалб этгани, лойиҳа қиймати 3 миллион долларга баҳоланганини маълум қилди.

Дунёнинг етакчи акселератори саналган “Y Combinator” дастурининг биринчи ўзбек иштирокчиси Сардорбек Раҳматуллоевнинг АҚШда йиллик даромади кўп минг долларлик стартапга асос солгани ва “Meta Superintelligence” компаниясида орттирган тажрибаси ҳам миллий стартап экотизимимизнинг ютуғи сифатида эътироф этилди.

Президентимиз бу каби юқори технологияли лойиҳаларни мамлакатимизда кенг жорий этиш ва ёш тадбиркорларга хорижий бозорларга чиқишда кўмаклашиш давлат сиёсатининг устувор йўналиши бўлиб қолишини таъкидлади.

Шунингдек ўқинг

Муҳандислик ва инновация соҳасидаги тақдимотлар доирасида талабаларнинг сунъий интеллект ҳамда робототехника йўналишидаги муваффақиятлари кўриб чиқилди.

Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети талабаси, дронлар пойгаси бўйича мамлакат чемпиони Билолиддин Исмоилов маҳаллий антидрон тизимларини яратиш ва такомиллаштиришда иштирок этаётганини маълум қилди.

Нукус давлат техника университети талабаси, Нукус ёшлар технопарки резиденти Айзада Асанованинг “Янги авлод автомобиллари” йўналишидаги муваффақиятли лойиҳаси эса ҳудудларда ҳам муҳандислик мактаблари жадал ривожланаётганидан далолат беради. Давлатимиз раҳбари ушбу инновацион ишланмаларни турли тармоқларда жорий этиш зарурлигини қайд этди.

Навқирон авлоднинг маданий-маърифий соҳадаги ва китобхонлик маданиятини юксалтириш йўналишидаги ютуқлари ҳам учрашувнинг асосий мавзуларидан бири бўлди.

Халқаро гўзаллик ва санъат танловлари совриндори Нигина Фахриддинова ҳамда ёш мусиқачи Амина Авазованинг ютуқлари миллий маданиятимизнинг халқаро нуфузини оширишга хизмат қилаётгани айтиб ўтилди.

Шу билан бирга, аҳоли орасида китобхонликни кенг ёйишга қаратилган рақамли лойиҳалар намойиш этилди. “Мутолаа” лойиҳаси раҳбари Сирожиддин Олимов яратган мобиль илова қарийб 5 миллион марта юклаб олингани ва унда ўқилаётган китоблар сони 18 миллиондан ошганини таъкидлади.

Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳиби Нилуфар Эргашева “Яшил сўз” китоби муаллифи, “Сўз” лойиҳаси иштирокчиси.

У Ўзбекистоннинг адабий харитасини яратиш орқали адабий туризмни ривожлантириш ҳамда “Бурҳониддин Марғиноний” илмий-маърифий ва туризм мажмуасида ўзбек ижодкорларининг йирик назм ва наво кечаси, шеърий оқшомлар каби оммавий бадиий концерт дастурларини ташкил этиш таклифини билдирди.

Президент Шавкат Мирзиёев ёшлар билан бўлиб ўтган самимий мулоқотда улар томонидан илгари сурилган истиқболли лойиҳа ва ташаббусларни қўллаб-қувватлади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш