Ўзбекистон Президенти АҚШ савдо вакили билан учрашди
Февраль 19, 2026. 05:15 • 55 сония
• 67
ТОШКЕНТ, 19 февраль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Вашингтонга амалий ташрифи иккичнчи куни доирасидаги ишбилармонлик учрашувларининг навбатдагиси АҚШ савдо вакили Жеймисон Грир билан бўлди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, қўшма лойиҳалар доирасида икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросимининг амалий натижалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон – АҚШ стратегик шериклик муносабатлари, энг аввало, савдо-иқтисодиёт ва инвестиция соҳаларида барқарор суръатда ривожланиб бораётгани таъкидланди.
Ўзаро савдони кўпайтириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишдаги муваффақиятлар мамнуният билан қайд этилди. Ўтган йили товар айирбошлаш ҳажми 1 миллиард доллардан ошди.
Мамлакатимизнинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини якунига етказишга оид масалаларда амалий ҳамкорликни кучайтириш ва АҚШ томонидан ушбу жараёнларни янада қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Маҳсулотларни барқарор етказиб бериш, техник тартибга солиш ва рақамли савдога оид минтақавий ёндашувларни ишлаб чиқиш мақсадида Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ ўртасидаги Савдо ва инвестициялар бўйича ҳадли битим (TIFA) доирасида ҳамкорликни фаоллаштириш таклифи билдирилди.
Учрашув якунида Ўзбекистон Президенти АҚШ савдо вакили Жеймисон Грирни жорий йилнинг июнь ойида бўлиб ўтадиган Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этишга таклиф қилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
