Logo

Ўзбекистон Президенти Вашингтонда АҚШ савдо вазири билан учрашув ўтказди

Февраль 19, 2026. 00:25 • 52 сония

74
Ўзбекистон Президенти Вашингтонда АҚШ савдо вазири билан учрашув ўтказди

ТОШКЕНТ, 19 февраль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Вашингтонга амалий ташрифи 18 февраль куни АҚШ савдо вазири Ховард Латник билан учрашувдан бошланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, учрашувда Ўзбекистон – АҚШ стратегик шериклигини янада мустаҳкамлашнинг амалий жиҳатлари, шунингдек, устувор йўналишларда кооперация лойиҳаларини илгари суриш масалалари муҳокама қилинди.

Қўшма Штатлар Ўзбекистоннинг асосий шерикларидан бири эканлиги мамнуният билан қайд этилди. Ўзаро савдо ҳажми 1 миллиард доллардан ошди, мамлакатимиз бозорида АҚШнинг 340 га яқин компаниялари фаолият юритмоқда.

Энергетика, ўта муҳим минераллар, транспорт, қишлоқ хўжалиги, ахборот технологиялари ва бошқа соҳаларда йирик лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда.

Қиймати 35 миллиард доллар бўлган уч йиллик Иқтисодий ҳамкорлик дастури амал қилмоқда. Бугун ишбилармонлик тадбирлари доирасида бир қатор муҳим келишувлар имзоланиши кутилмоқда.

Устувор лойиҳаларни тизимли қўллаб-қувватлаш учун яқинда ташкил этилган Ишбилармонлик кенгашининг имкониятларидан фойдаланиш ва Инвестиция платформасини ишга тушириш зарурлиги таъкидланди.

Савдо муносабатларини ривожлантириш ҳамда Ўзбекистон ҳудудлари билан тўғридан-тўғри ишбилармонлик алоқаларини кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш