Ўзбекистон ва Беларусь Президентлари телефон орқали мулоқот чоғида амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар
Август 30, 2025. 11:43 • 56 сония
• 50
ТОШКЕНТ, 30 август. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун Беларусь Президенти Александр Лукашенко билан телефон орқали мулоқот қилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, Ўзбекистон Президенти Беларусь етакчисини таваллуд куни билан самимий табриклаб, унга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва муваффақиятлар, дўст Беларусь халқига тинчлик-осойишталик ва равнақ тилади.
Беларусь Президенти, ўз навбатида, Ўзбекистон етакчиси ва кўп миллатли халқини яқинлашиб келаётган Мустақиллик куни билан самимий қутлаб, бардавом тараққиёт ва равнақ тилади.
Александр Лукашенконинг ўтган йил февраль ойида Ўзбекистонга ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон-Беларусь кўп қиррали шериклик муносабатларини янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Турли даражалардаги мулоқот ва алмашинувлар самарали бўлаётгани мамнуният билан қайд этилди. Товар айирбошлаш ҳажми йил бошидан буён 30 фоизга ошди. Етакчи корхоналарнинг қишлоқ хўжалиги, электротехника, машинасозлик, тўқимачилик ва бошқа тармоқлардаги кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда. Парламентлараро, ишбилармонлик ва маданий-гуманитар алоқалар фаол ривожланмоқда.
Ўзбекистон ва Беларусь етакчилари бўлажак икки томонлама учрашув ва тадбирлар режасини ҳам кўриб чиқдилар.
Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати архивидан олинган сурат
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон Президентининг Туркманистонга амалий ташрифи якунланди
Ўзбекистон Президенти расмий ташриф билан Японияга жўнаб кетди