Logo

Ўзбекистон ва Тожикистон Президентлари телефон орқали мулоқот қилдилар

Июль 24, 2025. 12:12 • 49 сония

48
Ўзбекистон ва Тожикистон Президентлари телефон орқали мулоқот қилдилар

ТОШКЕНТ, 24 июль. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири. 

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, суҳбат аввалида Тожикистон етакчиси давлатимиз раҳбарини таваллуд куни билан самимий муборакбод этиб, мустаҳкам соғлик, фаровонлик ва катта муваффақиятлар, биродар Ўзбекистон халқига тинчлик-осойишталик ва равнақ тилади.

Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш, энг аввало, олий даражадаги келишувларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Ўзаро савдо ҳажми ортиб бораётгани, иқтисодиётнинг турли тармоқларида, шу жумладан қўшма инвестиция компанияси орқали кооперация лойиҳалари илгари сурилаётгани таъкидланди. Чегара олди савдо марказларини очиш устида иш олиб борилмоқда. Самарқанд ва Душанбе шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар тикланди. Муҳим маданий дастурлар амалга оширилмоқда.

Етакчилар минтақавий кун тартибидаги масалаларни, шу жумладан Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашувига тайёргарлик кўришни ҳам муҳокама қилдилар.

Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати архивидан олинган сурат

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш