Шинжон усули пахтачиликда юқори самара бермоқда
Октябрь 21, 2026. 19:50 • 2 дақ
• 87
ТОШКЕНТ, 21 октябрь. /“Дунё” АА/. Президент Шавкат Мирзиёев бугун Ғузор туманида “Қашқадарё Жингу” корхонаси томонидан Шинжон усулида пахта етиштирилаётган далада бўлди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, Ўзбекистон етакчисига чигит экиш, ғўзани суғориш ва парваришлашда қўлланаётган технологиялар ҳақида маълумот берилди. Бу ерда 2,2 минг гектар майдонга чигит плёнка остига қўш қаторлаб экилган, томчилатиб суғориш тўлиқ жорий қилинган.
Плёнка тупроқдаги намлик ва ҳароратни сақлаб, чигитнинг эрта ҳамда бир текис униб чиқишига ёрдам беради. Сув ва ўғит эса томчилатиб суғориш тизими орқали бевосита ғўза илдизига етказилади. Натижада сув сарфи 30-40 фоизга, ўғит сарфи қарийб 30 фоизга камаяди. Ҳосил анъанавий майдонларга нисбатан 10-15 кун олдин пишиб етилади.
Президентимиз пахтазорда етиштирилган ҳосил ва агротехник тадбирларни ташкил этиш жараёни билан танишди. Анъанавий усулда гектаридан 30-35 центнер пахта олинса, Шинжон технологиясида бу кўрсаткич 60-70 центнергача етиши мумкин. Корхона далаларида ҳосилдорлик гектарига 55 центнерни, ялпи ҳосил эса 12,3 минг тоннани ташкил этмоқда.
Дала ишларида агродронлардан ҳам фойдаланилмоқда. Бу айрим агротехник тадбирларни тезроқ бажариш, ёнилғи сарфини камайтириш имконини бермоқда.
Хитой сармояси иштирокида ташкил этилган “Қашқадарё Жингу” агрокластери Косон, Нишон, Ғузор, Кўкдала ва Миришкор туманларида жами 18,3 минг гектар майдонда фаолият юритади. Ушбу ерларнинг катта қисми илгари фойдаланилмаган чўл ва қаровсиз майдонлар бўлган. Лойиҳага 128 миллион доллар инвестиция киритилиб, 50 та иш ўрни яратилган. Экспорт ҳажми эса 8,5 миллион долларни ташкил этади.
Шу ерда давлатимиз раҳбарига вилоят қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам ахборот берилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси