Давлатимиз раҳбари Хонқа туманидаги фермер хўжалигига ташрифи давомида унинг раҳбарини "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими" унвони билан мукофотлашга қарор қилди
Май 01, 2025. 17:37 • 2 дақ
• 601
ТОШКЕНТ, 1 май. /"Дунё" АА/. Президент Шавкат Мирзиёев бугун Хонқа туманидаги "Собиржон Юсуф" оилавий фермер хўжалиги даласида бўлди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, унинг раҳбари Ойимжон Отажанова 73 ёшда. Қўли гул бу аёл кўчатчилик билан шуғулланаётганига қирқ йилдан ошган. Хўжаликнинг 3 гектар майдонида мевали ва манзарали дарахт кўчатлари етиштирилади. Яна икки гектарда эса боғдорчилик қилинади. Бундан ташқари, 12 сотих иссиқхонада 40 турдаги гул кўчатлари етиштирилади. Иссиқхона замонавий сув тежамкор технологиялар билан таъминланган бўлиб, унинг ҳар бир бўлимида кўчатларнинг тури ва ҳусусиятидан келиб чиқиб зарур микроиқлим яратилган.
Серғайрат онахон оила аъзоларини ҳам шу ишга бошлаган. Йилига 50 минг тупдан ортиқ кўчатлар ўстириб, сотилади. Уларнинг йиллик даромади бир миллиард сўмдан ортади.
Эътиборли жиҳати, бу ерда етиштирилаётган кўчатлар қўшни ҳудудлар, Қозоғистон ва Туркманистонга ҳам етказиб берилмоқда.
Боғ жойлашган Гулистон маҳалласида 7 мингдан зиёд аҳоли яшайди. Ёшлар ва хотин-қизларга ибрат бўлиб, уларни иш билан таъминлашда онахоннинг хизматлари катта. У хозиргача 200 дан ортиқ шогирд етиштирган, 300 нафар ишсиз фуқарони кўчатчиликка ўргатган.
Маҳалладаги 70 фоиз хонадон билан касаначилик йўлга қўйилган.
Фидойи деҳқон бу йил тумандаги барча мактаб ва боғчаларга 2 минг дона қарағай кўчатини беғараз тарқатиб, "Яшил макон" лойиҳасига, юртимиз ободлигига ҳисса қўшди.
Бандлик вазирлиги ва банк билан ҳамкорликда хўжаликнинг ёндош ҳудудида ўқув маркази очилган. Унда хўжалик тажрибаси асосида хонадонлардаги самарасиз томорқадан йил давомида даромад олишга ўргатилмоқда. Натижада маҳаллаларда омилкорлик кенгайиб, оилаларга қўшимча даромад кирмоқда.
Ушбу хизматлари, меҳнатсеварлиги ва ёш авлодга намуналигини инобатга олиб, Президентимиз Ойимжон Отажановани "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими" унвони билан мукофотлашга қарор қилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон Президентининг Туркманистонга амалий ташрифи якунланди
Ўзбекистон Президенти “Sojitz Corporation” раҳбарларини қабул қилди