Logo

Ўзбекистон Президентининг Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги президенти билан музокаралари бўлиб ўтди

Декабрь 19, 2025. 17:17 • 2 дақ

83
Ўзбекистон Президентининг Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги президенти билан музокаралари бўлиб ўтди

ТОШКЕНТ, 19 декабрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Токиога расмий ташрифининг ишбилармонлик дастури доирасида бугун Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) президенти Акихико Танака билан музокаралари бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, учрашувда Япониянинг ушбу етакчи молия институти билан кенг кўламли ҳамкорликни янада кенгайтириш ва қўшма лойиҳаларни илгари суришнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди.

Кейинги йилларда стратегик шерикликда юксак даражага эришилгани мамнуният билан қайд этилди. Лойиҳалар доирасида маблағларни ўзлаштириш суръати сезиларли даражада ўсди.

Лойиҳалар портфели 8 миллиард доллардан ошди. Соғлиқни сақлаш, энергетика, транспорт, таълим, саноат ва бошқа устувор соҳаларда яна 3 миллиард доллардан ортиқ қийматга эга ташаббуслар ишлаб чиқилмоқда.

Ташриф доирасида иқтисодий зоналарни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги, тиббий асбоб-ускуналар етказиб бериш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича янги келишувлар имзоланди.

Япония томони қўшма Инсон ресурсларини ривожлантириш маркази ва Ёшлар инновация маркази фаолиятини кўп йиллардан буён қўллаб-қувватлаб келаётгани юқори баҳоланди.

Агентликнинг энергетика секторини ривожлантириш, ёшлар ва аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, бандликни таъминлаш ва камбағалликка қарши курашиш, илғор муҳандислик кадрларини тайёрлаш ҳамда “Бир қишлоқ – битта маҳсулот” лойиҳаси кўламини оширишдаги иштирокини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Томонлар Япония инвесторлари учун махсус иқтисодий зона барпо этиш лойиҳасини тез фурсатларда ишга туширишга тайёр эканини билдирди.

Учрашув якунида давлатимиз раҳбари JICA билан 2030 йилга қадар Янги ҳамкорлик дастури доирасидаги лойиҳаларни ўз вақтида тайёрлаш ва уларнинг натижалари барқарор бўлишини таъминлаш муҳимлигини таъкидлади.

 

 

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш