Элдор Арипов: Термиз мулоқоти амалий ташаббусларни ишлаб чиқиш ва барча даражаларда ишончни мустаҳкамлашда ўзининг самарадорлигини исботлади
Июнь 04, 2026. 15:25 • 4 дақ
• 50ТОШКЕНТ, 4 июнь. /“Дунё” АА/. Бугун Тошкент шаҳрида Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқлик бўйича Термиз мулоқотининг иккинчи йиғилиши ўз ишини бошланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбир “Тинчлик, боғлиқлик, барқарорлик: умумий фаровонлик асосини шакллантириш” шиори остида ўтказилмоқда.
Давлатимиз раҳбари ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов форумни очар экан, Термиз мулоқоти Президент Шавкат Мирзиёевнинг Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш борасидаги ташаббусининг амалий ифодаси эканини таъкидлади..
Унинг таъкидлашича, ушбу стратегик ғоя халқаро ҳамжамият томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланиб, БМТ Бош Ассамблеясининг 2022-йилда қабул қилинган махсус резолюциясида ўз аксини топган. Ҳужжат трансминтақавий яқинлашув учун узоқ муддатли халқаро-ҳуқуқий асос яратиб, ушбу жараён Евроосиё маконида барқарор ривожланишнинг муҳим омили сифатида қайд этилган.
Институт раҳбари Термиз мулоқоти ушбу кун тартибини илгари суришнинг амалий механизмига айланганини алоҳида қайд этди. Унинг моҳияти давлатлараро муносабатларни ўзаро манфаатдорлик, яхши қўшничилик ва превентив дипломатия тамойиллари асосида изчил йўлга қўйишдан иборатдир.
Элдор Арипов ушбу майдоннинг ўзига хослигига алоҳида эътибор қаратар экан, Термиз мулоқоти инклюзив хусусиятга эга бўлиб, давлат органлари, халқаро ташкилотлар, дипломатик корпус, экспертлар ҳамжамияти, ишбилармон доиралар ва фуқаролик жамияти институтлари вакилларини бирлаштиришини қайд этди.
Элдор Арипов Термиз мулоқоти доирасидаги фаолиятнинг биринчи йил якунларини таҳлил қилиб, биргаликдаги саъй-ҳаракатлар сезиларли натижалар бераётганини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, Термиз мулоқоти ҳукуматлардан тортиб фуқаролик жамияти институтларигача бўлган барча даражада амалий ташаббусларни ишлаб чиқиш ва ишончни мустаҳкамлашда ўз самарадорлигини исботлади.
Институт директори Термиз мулоқотининг иккинчи йиғилиши кун тартибига тўхталар экан, анжуман ҳамкорликнинг аниқ механизмларини ишлаб чиқишга қаратилгани ва ўзаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга замин яратадиган асосий йўналишларни қамраб олишини таъкидлади.
Энг аввало, муҳокамалар марказида сиёсий мулоқот ва иқтисодий ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш масалалари турибди. Ушбу мавзу Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш (ОҲИЧК) билан ҳамкорликда ўтказиладиган алоҳида сессия кун тартибига киритилган.
Экспертнинг таъкидлашича, бундай ҳамкорлик умумий ёндашувларга асосланган. Яъни, Термиз мулоқоти тараққиёт ва конструктив мулоқот орқали барқарорликни мустаҳкамлашга қаратилган бўлиб, бу ОҲИЧК миссияси билан уйғундир.
Сессия доирасида минтақада иқтисодий ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлашнинг асосий йўналишлари сифатида савдони кенгайтириш, транспорт йўлакларини ривожлантириш ва энергетика соҳасидаги ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилмоқда.
Шу билан бирга, СМТИ раҳбарининг айтишича, иқтисодиёт нафақат ўсиш омили, балки хавфсизлик элементи бўлиб хизмат қилмоқда. Давлатларнинг иқтисодий манфаатлар ва ишлаб чиқариш занжирлари орқали ўзаро боғлиқлиги можаролар ва кескинлик эҳтимолини камайтиради. Термиз мулоқоти доирасида айнан шу ёндашув изчил илгари сурилмоқда.
Анжуманда иқлим барқарорлиги масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Марказий ва Жанубий Осиё иқлим ўзгариши таъсирига энг заиф бўлган минтақалардан ҳисобланади. Экологик муаммолар эса трансчегаравий хусусиятга эга бўлиб, келишилган ҳаракатларни талаб қилади.
Спикер маданий-гуманитар ҳамкорлик ҳам муҳим аҳамият касб этишига урғу берди. Минтақаларнинг ўзаро боғлиқлиги умумий тарих, маънавий анъаналар ва кўп асрлик маданий алоқаларга таянади. Шу боис, минтақалар ўртасида шаклланган тарихий алоқаларни тиклаш ва мустаҳкамлаш асосий вазифалардан ҳисобланади.
Элдор Арипов сўзининг якунида форум натижалари якуний Коммюникеда ўз аксини топиб, Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирди.
– Бугун Евроосиёга янги ажратувчи чизиқлар эмас, балки ишонч, умумий тараққиёт ва очиқ мулоқот макони керак. Термиз мулоқоти айнан шу бирлаштирувчи миссияни бажаришга қаратилган, – деди Элдор Арипов.
Анжуман Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ва Ташқи ишлар вазирлиги томонидан ОҲИЧК билан ҳамкорликда ташкил этилган.
Форумда Марказий ва Жанубий Осиё, Европа, МДҲ, Жанубий Кавказ, Осиё-Тинч океани минтақаси, Яқин Шарқ ва Америкадан 150 дан ортиқ сиёсий, ишбилармон ва эксперт доиралари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар вакиллари иштирок этмоқда.
Мулоқот ҳамкорлари ва иштирокчилари орасида БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази, БМТнинг Афғонистонга кўмаклашиш бўйича миссияси, шунингдек етакчи “ақл марказлари”, илмий-тадқиқот муассасалари ва тинчликпарвар тузилмалар, шу жумладан Халқаро сув ресурсларини бошқариш институти, Прогрессив ислоҳотлар маркази, Konrad Adenauer жамғармаси, Бергхоф жамғармаси, PeaceNexus, Search for Common Ground, Jorjtaun университети ва бошқа ташкилотлар бор.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид

Баҳромжон Аълоев: Глобал ноаниқлик кучайиб бораётган шароитда Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш муҳим аҳамиятга эга





