Тошкентда Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқлик бўйича Термиз мулоқотининг иккинчи йиғилиши бошланди
Июнь 04, 2026. 10:25 • 2 дақ
• 53ТОШКЕНТ, 4 июнь. /“Дунё” АА/. Бугун пойтахтимизда “Тинчлик, ўзаро боғлиқлик ва барқарорлик: умумий фаровонлик пойдеворини шакллантириш” мавзусида Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқлик бўйича Термиз мулоқотининг иккинчи йиғилиши ўз ишини бошлади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) директори Элдор Арипов нутқ сўзлади.
Тадбирда Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Баҳромжон Аълоев, БМТ Бош котибининг махсус вакили ва БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Каха Имнадзе, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш (ОҲИЧК) Бош котиби Қайрат Сарибай, МДҲ Бош котиби Сергей Лебедев (онлайн) иштирок этмоқда.
Умуман, форум ишида Марказий ва Жанубий Осиё, Европа, МДҲ, Жанубий Кавказ, Осиё-Тинч океани минтақаси, Яқин Шарқ ва Америка мамлакатларидан 150 дан ортиқ сиёсий, ишбилармон ва эксперт доиралари вакиллари, халқаро ҳамда минтақавий ташкилотлар қатнашмоқда.
Очилиш маросимидан сўнг, “Сиёсий мулоқот ва иқтисодий ўзаро боғлиқлик ОҲИЧК минтақасида барқарор ривожланиш асослари сифатида” мавзусида ялпи мажлис бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, ушбу форум СМТИ ва Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан ОҲИЧК билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси






