Қирғизистон илк бор БМТ Хавфсизлик кенгашининг муваққат аъзолигига сайланди
Июнь 04, 2026. 13:55 • 2 дақ
• 94
БИШКЕК, 4 июнь. /“Дунё” АА/. 3 июнь куни БМТ Бош Ассамблеясида 2027–2028 йиллар учун БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий бўлмаган аъзоларини сайлаш бўйича овоз бериш якунларига кўра, Қирғизистон тарихда илк бор мазкур нуфузли орган аъзолигига сайланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “БМТ янгиликлари”га таяниб.
Шунингдек, Кенгаш таркибига Ғарбий Европа ва бошқа давлатлар гуруҳидан Австрия ва Португалия, Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзаси мамлакатлари гуруҳидан Тринидад ва Тобаго ҳамда Африка давлатлари гуруҳидан Зимбабве киради. Сайланиш учун мамлакатлар аъзо давлатлар овозининг учдан икки қисмини, яъни 127 та овоз олиши керак эди.
Қирғизистон тўртинчи турда 142 та овоз тўплаб, Осиё-Тинч океани минтақаси давлатлари гуруҳидан бир ўринга даъвогарлик қилган Филиппинни (49 овоз) ортда қолдирди. Марказий Осиё мамлакати қарийб ўн йилдан сўнг илк бор Хавфсизлик кенгашига аъзо бўлади.
“Биз БМТ тарихида янги саҳифа очишда иштирок этамиз. Табриклайман, ватандошлар!” – деб ёзди Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ўзининг “ Facebook”даги саҳифасида.
Таъкидлаш жоизки, Хавфсизлик кенгаши таркибига 15 та мамлакат киради. Улардан бештаси – Буюк Британия, Хитой, Россия, АҚШ ва Франция вето ҳуқуқига эга доимий аъзолардир. Яна ўн давлат икки йил муддатга сайланади. 2026 йил охирида бешта муваққат аъзо – Греция, Дания, Покистон, Панама ва Сомалининг ваколат муддати тугайди. Уларнинг ўрнини янги сайланган мамлакатлар эгаллайди.
БМТ Хавфсизлик кенгаши халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлаш бўйича асосий масъулиятни ўз зиммасига олади. Айрим ҳолларда Кенгаш халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлаш ёки тиклаш мақсадида санкциялар қўллаши ёки ҳатто куч ишлатишга рухсат бериши мумкин.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид

Ўзбекистон ва Қозоғистон бир қатор муҳим тармоқларда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олди



