Мотуридийлик – бағрикенглик, мўътадиллик ва маърифат таълимоти
Апрель 29, 2025. 12:14 • 2 дақ
• 161
ТОШКЕНТ, 29 апрель. /"Дунё" АА/. Бугун Самарқанд шаҳрида буюк ватандошимиз, исломий илмлар ривожига улкан ҳисса қўшган беназир аллома, калом илмининг султони Имом Абу Мансур Мотуридийнинг 1155 йиллигига бағишланган халқаро илмий-амалий анжуман ўз ишини бошлади, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ўзбекистон Президенти томонидан Имом Мотуридий илмий меросини ўрганишга катта эътибор қаратилмоқда. Жумладан, 2020 йил 3-4 март кунлари Самарқанд шаҳрида катта халқаро конференция ташкил этилди. 2020 йил 11 августда Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилди. Бугунги кунда ушбу икки манба Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан ўзбек тилига таржима қилиниб, чоп этилган.
Шунингдек, 2025 йил 14 март куни Ўзбекистон Президентининг "Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида" қарори қабул қилинди. Ушбу қарор нафақат юртимизда, балки халқаро миқёсда ҳам Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотини тизимли ҳамда илмий асосда ўрганишни янги босқичга олиб чиқишга замин яратади.
Ҳужжатга мувофиқ, жорий йилда буюк аждодимиз, мутафаккир олим Имом Абу Мансур Мотуридий таваллудининг 1155 йиллиги мамлакатимизда кенг нишонланади. Хусусан, Самарқанд шаҳрида бошланган "Мотуридийлик – бағрикенглик, мўътадиллик ва маърифат таълимоти" мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуман ҳам давлатимиз раҳбарининг мазкур қарори ижроси доирасида ўтказилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Имом Абу Мансур Мотуридий мусулмон оламида буюк мутакаллим, қомусий олим ва улуғ мутафаккир, мотуридийлик таълимотининг асосчиси сифатида эътироф этилади. Имом Абу Мансур Мотуридий 870 йил Самарқанд яқинидаги Мотурид қишлоғида туғилган. Мусулмонларни тўғри йўлга бошлашда кўрсатган жонбозлиги туфайли олимлар орасида "Имом ал-ҳуда" (Ҳидоят имоми), "Раис аҳли сунна вал жамоа" (Аҳли сунна вал жамоа раиси), "Мусаҳҳиҳ аҳли сунна вал жамоа" (Аҳли сунна вал жамоани тўғри йўлга солувчи), "Имом ал-Мутакаллимин" (Мутакаллимлар имоми) каби номлар билан танилган.
У асос солган мотуридийлик мактаби бугунги кунда суннийлик йўналишидаги икки йирик эътиқодий таълимотдан бири ҳисобланади. Бу ақидавий мазҳаблар – мотуридийлик ва ашъарийликдир. Имом Мотуридий илгари сурган ақидавий қарашлари ўша даврда минтақада кузатилган турли адашган оқимлар фаолиятига барҳам беришда муҳим роль ўйнаган.
Бугунги кунда 1,9 миллиардга тенг бўлган дунё мусулмонларининг 750 миллиондан ошиғи мотуридийлик йўналишига мансуб.
Имом Мотуридий ўзидан ақида, тафсир, фиқҳ ва усул ал-фиқҳ соҳалари бўйича бой маънавий-мерос қолдирган. Унинг "Китоб ат-тавҳид", "Таъвилот ал-Қуръон" каби 20 га яқин асар ёзгани манбаларда келтирилган. Мазкур китоблардан бизгача "Китоб ат-тавҳид" ва "Таъвилот ал-Қуръон" асарларигина етиб келган.
Имом Абу Мансур Мотуридий 944 йил вафот этган.
Имом Мотуридий таълимоти унинг издошлари томонидан ривожлантирилиб, ақидавий мазҳаб даражасига етиб келган. Ушбу жараёнда Абу Муин Насафий, Абу Ҳафс Насафий каби алломаларнинг ўрни катта бўлган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Исломободда “Янги Ўзбекистон: Шавкат Мирзиёев йўли” номли китоб тақдимоти ўтказилди
Женевадаги Миллатлар саройида Ўзбекистон Конституцияси куни ўтказилди
Женевада “Янги Ўзбекистон: Шавкат Мирзиёев йўли” китобининг тақдимоти бўлди
“Саодат” журналининг бир асрлик юбилей байрами нишонланди
Тошкентда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири кубоги учун тезкор шахмат турнири ўтказилмоқда