Ўзбекистон Президенти Истанбулда очилган 29-Евроосиё иқтисодий саммити иштирокчиларига мурожаат йўллади
ИСТАНБУЛ, 12 май /“Дунё” АА/. Бугун Истанбулда 29-Евроосиё иқтисодий саммити ўз ишини бошлади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбир “Marmara Group” стратегик ва ижтимоий тадқиқотлар жамғармаси томонидан ташкил этилган бўлиб, икки кун давом этади.
Бу галги саммит кун тартибидан глобал масъулият, иқлим муаммолари, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, шунингдек, ўзгарувчан дунё тартиби шароитида халқаро муносабатларни трансформация қилиш масалалари ўрин олган.
Форум Европа, Осиё, Яқин Шарқ ва Африканинг 30га яқин мамлакати вакилларини бир ерга жамлади. Мунозараларда амалдаги ва собиқ давлат раҳбарлари, халқаро тузилмалар етакчилари ҳамда экспертлар ва бизнес ҳамжамияти иштирок этмоқда.
Фахрий меҳмонлар сафидан Туркия, Хорватия, Черногория, Словения, Сербия, Албания, Чехия, Руминия, Польша, Молдова, Шимолий Македония, Ливан ва бошқа бир қатор давлатларнинг собиқ президентлари ҳамда бош вазирлари ўрин олган.
Саммитда Ўзбекистон номидан Хавфсизлик кенгаши котибининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов бошчилигидаги делегация иштирок этмоқда.
Тантанали очилиш маросимида Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг мурожаатлари ўқиб эшиттирилди. Давлатимиз раҳбарининг мурожаатини Элдор Арипов ўқиб эшиттирди.
Ўзбекистон Президенти мурожаатида глобал экологик хавфсизлик ва барқарор тараққиёт масалалари диққат марказида бўлди. Дунёнинг турли минтақаларида иқлим ўзгариши билан боғлиқ хатарлар кучайиб бораётган бир пайтда ушбу саммит алоҳида долзарблик касб этаётгани таъкидланди.
Иқлим ўзгариши оқибатлари Марказий Осиёда айниқса кескин намоён бўлмоқда: бу ерда исиш суръатлари жаҳондаги ўртача кўрсаткичлардан юқори, ерларнинг деградация жараёнлари кучаймоқда, музликлар майдони қисқармоқда.
Шу муносабат билан экологик барқарорликни таъминлаш Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг асосий устувор йўналишларидан бири экани таъкидланди. Мамлакатда кенг кўламли “яшил” кун тартиби изчил амалга оширилмоқда.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳар йили қарийб 200 миллион туп дарахт экилмоқда, Орол денгизининг қуриган тубида йирик иҳота дарахтзорлари барпо этилмоқда.
Шу билан бирга, Ўзбекистон “яшил” тараққиёт моделига фаол ўтмоқда. Мамлакат зарарли газлар чиқиндилари ҳажмини 35 фоизга камайтиришга аллақачон муваффақ бўлди, 2035 йилга бориб эса бу кўрсаткични 50 фоизга етказиш мақсад қилинган. Бу саъй-ҳаракатлар сув ресурсларини самарали бошқариш ва сув тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар билан тўлдирилмоқда.
Ушбу йўналишнинг давоми сифатида Ўзбекистоннинг “яшил” кун тартибини янада илгари суришга тайёрлиги таъкидланди. Шу маънода, саммит иштирокчилари Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган халқаро тадбирлар – Глобал экологик жамғарма Ассамблеяси ва Бутунжаҳон сувни тежаш форумига таклиф этилди.
Якунда Шавкат Мирзиёев мамлакат кенг шериклик учун очиқ эканини тасдиқлаб, делегатларга самарали иш олиб боришни ва амалий натижаларга эришишни тилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид

Ўзбекистон энергетика ҳафталиги рекорд даражадаги иштирокчи ва делегатларни жамлади






