Logo

ОТБ: Ўзбекистон тўғри йўлдан бормоқда ва масъулиятли иқтисодий сиёсат юритмоқда

Май 06, 2026. 19:35 • 3 дақ

168
ОТБ: Ўзбекистон тўғри йўлдан бормоқда ва масъулиятли иқтисодий сиёсат юритмоқда

САМАРҚАНД, 6 май. /“Дунё” АА/. ОТБнинг Марказий ва Ғарбий Осиё департаменти раҳбарияти Самарқандда бўлиб ўтган матбуот анжумани давомида “Дунё” АА мухбирининг минтақадаги иқтисодий вазият ва Ўзбекистоннинг роли ҳақидаги саволига жавоб берди.

ОТБнинг Марказий ва Ғарбий Осиё департаменти бош директори Лея Гутиэррес:

– Жанубий, Марказий ва Ғарбий Осиё минтақасида ўтган йилги иқтисодий ўсиш, менимча, етарлича юқори бўлди. Бироқ, шу билан бирга, юқори инфляция ҳам кузатилди. Бу ҳолат алоҳида диққат билан кузатиб боришни талаб этади.

Жорий йилнинг биринчи чорагида, бир қатор иштирокчи давлатлар билан ўтказилган муҳокамаларимизга кўра, иқтисодий кўрсаткичлар ҳам барқарор бўлди. Минтақанинг кўплаб мамлакатларида ўсиш суръатлари 8–10 фоизни ташкил этди, бу эса йилнинг яхши бошланганидан далолат беради. Шу билан бирга, Яқин Шарқдаги ҳозирги вазият билан боғлиқ ноаниқликлар шароитида ушбу кўрсаткичларни диққат билан кузатиб бориш зарур.

Минтақада ҳам экспортчи, ҳам импортчи мамлакатлар мавжуд. Импорт қилувчи давлатлар учун ташқи нарх тебранишларидан қисман ҳимояловчи узоқ муддатли етказиб бериш шартномалари муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, кўплаб мамлакатларда мавжуд захиралар ҳозирги можаро оқибатларини юмшатишга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотларга тўхталсак, мен мамлакатингиз бўйича тор ихтисослашган эксперт эмасман, бироқ кузатувларимизга асосланиб айтиш мумкинки, ривожланиш тўғри йўналишда кетмоқда. Хусусий сектор фаол ривожланмоқда: тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми барқарор сақланмоқда, ҳукумат эса хусусий инвестицияларни фаол рағбатлантирмоқда. Сўнгги йиллардаги статистик маълумотлар бу йўналишда барқарор ўсишни кўрсатмоқда.

Ҳукумат, шунингдек, мақсадга мувофиқ ҳолатларда давлат-хусусий шериклик (ДХШ) механизмларини ривожлантиришга содиқлигини намоён этмоқда. Бу муҳим жиҳат, чунки барча лойиҳалар ҳам ДХШ форматида амалга ошириш учун мос эмас ва бу борада танловли ёндашув қўлланилмоқда.

Умуман олганда, мамлакат тўғри ривожланиш йўлида ҳаракат қилмоқда. Шу билан бирга, ҳукумат масъулиятли фискал сиёсат юритмоқда: давлат харажатлари, айниқса капитал харажатлар устидан қатъий назорат ўрнатилган. Барча таклиф этилаётган лойиҳалар ва инвестициялар, жумладан, ташқи ҳамкорлар, шу жумладан ОТБ томонидан молиялаштириладиган лойиҳалар ҳам синчковлик билан баҳоланмоқда. Бу давлат молиясини бошқаришда вазмин ва масъулиятли ёндашув мавжудлигини кўрсатади.

Шунингдек ўқинг

ОТБнинг Марказий ва Ғарбий Осиё департаменти бош директори ўринбосари Ён Йе:

– Мен ривожланишнинг умумий йўналишини таъкидламоқчиман: мамлакат тўғри йўналишда ҳаракат қилаётгани ва бу бизнинг баҳоларимизга ҳам мос экани тасдиқланмоқда. Менда мавжуд маълумотларга кўра, мамлакатда муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда. ОТБ ушбу жараёнларни, жумладан, иқтисодий бошқарувни модернизация қилиш, молия сектори ва капитал бозорини ривожлантиришни фаол қўллаб-қувватламоқда.

Шу билан бирга, сўнгги пайтларда мамлакатнинг иқлим ўзгаришларига чидамлилигини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Булар ОТБ томонидан қўллаб-қувватланаётган ислоҳотларнинг асосий йўналишларидир.

ОТБнинг ушбу жараёнларга содиқлиги мамлакатни, жумладан, бюджетни қўллаб-қувватлаш дастурлари орқали қўллаб-қувватлаш ҳажми ортиб бораётганини кўрсатади.

Мен қатор муҳим ва ўз вақтида амалга оширилган институционал ўзгаришларни ҳам қайд этдим. Биринчидан, мамлакатда Экология, иқлим ва тараққиёт масалалари қўмитаси ташкил этилди. Бу ҳукумат иқтисодий ўсишнинг атроф-муҳитга таъсирини ҳамда мамлакатнинг иқлим хавфларига заифлигини чуқур англаётганини кўрсатади. Малакали мутахассислар билан таъминланган бундай қўмитанинг ташкил этилиши муҳим қадам ҳисобланади.

Иккинчидан, Туризм қўмитасининг ташкил этилиши туризм орқали аҳоли турмуш даражасини ошириш устувор йўналишлардан бирига айланаётганини кўрсатади. Бу йўналиш мамлакат иқтисодий ўсишининг муҳим драйверига айланиши мумкин. Бу эса давлат стратегик устуворликларни тўғри белгилаётганидан далолат беради.

Бундан ташқари, хусусий сектор вакиллари билан мулоқот қилиш имкониятига эга бўлдим ва улар мамлакатда ишбилармонлик муҳити жуда қулай эканини тасдиқладилар. Бу ҳам, менимча, олиб борилаётган сиёсатга берилган муҳим ва ижобий баҳодир.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш