Германияда фашизм устидан қозонилган Ғалаба йўлида ҳалок бўлганлар хотираси ёд этилди
Май 12, 2026. 17:25 • 2 дақ
• 75БЕРЛИН, 12 май. /“Дунё” АА/. 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Берлиндаги Трептов парки ҳамда Тиргартен ёдгорлик мажмуаларида 1941–1945 йилларда фашизмга қарши курашда жон фидо қилган аскарлар хотирасига ҳурмат бажо келтирилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбир иштирокчилари Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганлар хотирасини асраб-авайлаш, уруш фожиаларини унутмаслик ва тинчлик қадрини ёш авлод онгига чуқур сингдириш муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидладилар. Номаълум аскар ёдгорлиги пойига гулчамбарлар қўйилди, шунингдек, марҳумлар руҳига бағишлаб Қуръон тиловат қилинди.
Маълумки, Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган Ғалабага Ўзбекистон халқи ҳам фронтда, ҳам фронт ортида улкан ҳисса қўшган. Ўша даврда 6,8 миллиондан ортиқ аҳолига эга бўлган Ўзбекистондан 2 миллионга яқин инсон урушга сафарбар этилган. Уларнинг 500 мингдан зиёди жанг майдонларида ҳалок бўлган. Уруш йилларида юртдошларимиз юксак жасорат ва матонат намунасини кўрсатган. 301 нафар ўзбекистонлик “Қаҳрамон” унвонига, 53 нафари эса “Шон-шараф” ордени ва бошқа юксак мукофотларга сазовор бўлган.
Фронт ортида ҳам Ўзбекистон халқининг меҳнати ва фидойилиги алоҳида ўрин тутган. Мамлакат фронтнинг мустаҳкам таъминот базасига айланган. Республикамиз ҳудудига 430 дан ортиқ саноат корхонаси эвакуация қилиниб, қайта ишга туширилган. Бу корхоналар фронтни зарур қурол-яроғ, техника ва бошқа маҳсулотлар билан таъминлашда муҳим ўрин тутган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон уруш ҳудудларидан эвакуация қилинган миллионлаб инсонларга бошпана бўлган. Оғир уруш йилларида Тошкент эвакуация марказларидан бирига айланиб, Ўзбекистон халқининг бағрикенглиги, меҳр-оқибати ва инсонпарварлигини намоён этган ҳолда “Нон шаҳри” ҳамда “Халқлар дўстлиги шаҳри” сифатида эътироф этилди.
Берлинда ўтказилган хотирлаш маросимлари яна бир бор тинчлик, барқарорлик ва инсон қадрини асраш ҳар қандай даврда ҳам энг олий қадрият эканини намоён этди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид

Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонасида 9 май – Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган маърифий тадбир бўлиб ўтди









