Logo

“Саодат” журналининг бир асрлик юбилей байрами нишонланди

Декабрь 16, 2025. 17:15 • 3 дақ

145
“Саодат” журналининг бир асрлик юбилей байрами нишонланди
“Саодат” журналининг бир асрлик юбилей байрами нишонланди
“Саодат” журналининг бир асрлик юбилей байрами нишонланди
“Саодат” журналининг бир асрлик юбилей байрами нишонланди
“Саодат” журналининг бир асрлик юбилей байрами нишонланди
“Саодат” журналининг бир асрлик юбилей байрами нишонланди
“Саодат” журналининг бир асрлик юбилей байрами нишонланди
“Саодат” журналининг бир асрлик юбилей байрами нишонланди

ТОШКЕНТ, 16 декабрь. /“Дунё” АА/. Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида Ўзбекистон Оила ва хотин-қизлар қўмитаси муассислигидаги нашр – “Саодат” журналининг 100 йиллиги муносабати билан “Саодат” журналининг 100 йиллиги: бир асрлик маърифат байрами” мавзусида тантанали тадбир ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Маънавий-маърифий тадбирда Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, аёл раҳбарлар, ишбилармон хотин-қизлар, сиёсатшунослар, олимлар, журналистлар, адабиёт ихлосмандлари иштирок этди.

Ўтган бир аср давомида “Саодат” журнали хотин-қизларнинг қувончи ва ташвишини, орзуси ва интилишини, маънавияти ва оиладаги ўрнини кенг ёритиб, кўплаб аёлларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишида хизмат қилди. Ушбу журнал қандай шароитда бўлмасин, доимо мунис опа-сингилларнинг одоб-аҳлоқи, ҳулқи, таълим-тарбияси, адабиёт ва санъатга қизиқишини, илғор таклиф ва ташаббусларни тарғиб этиб келди.

 Тадбирда сўзга чиққан Бош вазир ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова таъкидлаганидек, “Саодат” журналининг ижтимоий-маънавий ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти жуда катта. У журналнинг халқимиз маънавиятига қўшаётган ҳиссасини алоҳида эътироф этиб, “кўнгилларимизга маърифат, адабиёт ва тарбия улашган нашр” дея таърифлади.

Иштирокчилар юбилей сана муносабати билан журнал ходимларини самимий табриклаб, юртимизда оила институтини мустаҳкамлаш, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни алоҳида қайд этди.

Жумладан, Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид, халқ шоири Маҳмуд Тоир, Журналистлар уюшмаси раиси Холмурод Салимов ва бошқалар босма нашрлар инқирози ҳукм сураётган бугунги техника асрида “Саодат” журналининг келгуси фаолиятига улкан зафарлар тилади.

Бугунги кунда мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни мутлақо янги босқичга кўтарилди. Президентимиз ташаббуси билан аёллар давлат бошқаруви, илм-фан, маданият, тадбиркорлик ва спорт соҳаларида фаол ва таъсирли куч сифатида тан олинди. Ушбу ислоҳотлар ва уларнинг амалий натижалари “Саодат” журналининг саҳифаларида изчил ёритиб келинмоқда.

Журналга 1925 йилда асос солинган. Турли йилларда турли номлар билан – 1925–1934 йилларда “Янги йўл”, 1936–1950 йилларда “Ёрқин турмуш”, 1950–1965 йилларда “Ўзбекистон хотин-қизлари” номлари билан чоп этилган. 1966 йилдан буён “Саодат” номи билан фаолият юритиб келмоқда.

“Саодат” журналига турли йилларда муҳаррирлик қилган – Тожихон Шодиева, Собира Холдорова, Хосият Тиллахонова, Саодат Шамсиева, Фотима Ниёзова, Иқбол Акбархўжаева, Ойдин Собирова, Зулфия Исроилова, Ҳалима Худойбердиева, Ойдин Ҳожиева каби серқирра ижодкорлар миллатимиз хотин-қизларига намуна бўладиган ижод намуналарини яратди. 2018 йилдан буён журналга Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира Мунаввара Усмонова раҳбарлик қилиб келмоқда.

Журнал саҳифаларида “Тадбиркорлик – замон талаби”, “Замондошларимиз”, “Аёл ва давр”, “Фанимиз фидойилари”, “Маҳалла ҳаётидан”, “Бугуннинг ёшлари”, “Долзарб мавзу”, “Олисдаги яқинларимиз”, “Биз зўравонликка қаршимиз”, “Ибратли умр” каби рукнлар остида таҳлилий-танқидий, маданий-маърифий мақолалар мунтазам эълон қилиб келинмоқда.

Таҳририят жамоасини моддий ва маънавий рағбатлантириш мақсадида етти нафар ижодкор хотин-қиз “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирланди. Журналнинг 2 нафар ходими Ёзувчилар уюшмасига, 2 нафар ходими Журналистлар уюшмасига аъзоликка қабул қилинди.

Тадбир сўнггида муҳим сана муносабати билан маънавият ва маърифатга бўлган юксак эътибор рамзи сифатида “Саодат” журнали жамоасига Президент совғаси – автомобиль топширилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Nargiza Rakhataliyeva

rakhataliyeva@dunyo.info

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш