Тошкентда “Миллий қадриятлар атласи” китоб-альбоми тақдимоти бўлиб ўтди
Февраль 04, 2026. 19:55 • 2 дақ
• 55ТОШКЕНТ, 4 февраль. /“Дунё” АА/. Бугун пойтахтимиздаги “Ёшлар ижод саройи”да Республика Маънавият ва маърифат кенгаши ташаббуси билан чоп этилган “Миллий қадриятлар атласи” китоб-альбомининг тақдимот маросими бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу китоб-альбомини тайёрлашда олиму зиёлилар ҳамда юқори малакали мутахассислардан иборат ижодий гуруҳ шакллантирилиб, 8 та йўналиш — Янги Ўзбекистоннинг миллий қадриятлари, миллий-ахлоқий қадриятлар, урф-одатлар, маросимлар, байрамлар, миллий ўйинлар, миллий-табиий ҳамда миллий-бадиий қадриятлар бўйича кенг қамровли тадқиқот ишлари олиб борилди.
Барча ҳудудлардан жамланган маълумотлар асосида ўзбек, инглиз ва рус тилларида “Миллий қадриятлар атласи” китоб-альбоми чоп этилди. Нашрни тайёрлаш жараёнида 1,7 мингдан ортиқ матн, 3 мингдан зиёд сурат, 300 дан ортиқ миллий қўшиқ ҳамда 2 мингга яқин видео ва аудио материаллар таҳлил қилинди.
Китобда Марказий Осиёда шаклланган юксак илмий-маданий муҳит ифода этилган. Қадимги туркий битиклар, халқ оғзаки ижоди намуналари, алломалар мероси миллий қадриятларнинг асосий манбалари сифатида таҳлил қилинган. Амир Темур ва Темурийлар даврида илм-фан, маданият ва ислом қадриятларининг юксалиши алоҳида эътироф этилган.
Шунингдек, миллат ва миллий қадриятлар ўртасидаги ўзаро боғлиқлик, уларнинг этник макон, тил, тарихий хотира ва генофонд билан чамбарчас алоқадорлиги очиб берилган. Ўзбек халқига хос урф-одатлар, оила ва жамиятдаги ахлоқий меъёрлар миллий қадриятларнинг амалий ифодаси сифатида талқин қилинган.
Ушбу китоб-альбом миллий қадриятларнинг тарихий узвийлиги, ворисийлиги ва бугунги жамият тараққиётидаги аҳамиятини ёритишга хизмат қилади.
Ушбу материаллар асосида qadriyatim.uz электрон платформаси ва унинг мобил иловаси ишлаб чиқилди. Платформа доимий янгиланиб бориладиган, чет эллик фойдаланувчилар ва хориждаги ватандошлар учун миллий қадриятлар, моддий ва номоддий маданий мерос ҳақида бир нечта хорижий тилларда маълумот тақдим этувчи интерактив ахборот базаси ҳисобланади.
Бугунги кунда “Миллий қадриятлар атласи” китоб-альбоми мамлакатимиз бўйлаб олий таълим муассасалари, миллий маданият марказлари ва туристик объектларда кенг жамоатчиликка тақдим этилмоқда.
Шу билан бирга, жорий йилда “Ватандошлар” жамоат фонди билан ҳамкорликда китоб-альбомни қўшимча 1000 нусхада чоп этиш, хориждаги ватандошлар ва диаспора вакиллари иштирокида элчихоналарда тақдимотлар ўтказиш, китоб-альбомнинг ўзбек, инглиз ва хитой тилларидаги янги нашрларини тайёрлаш режалаштирилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси





