Logo

Швеция парламентида Ўзбекистоннинг диний бағрикенглик ва “Меҳр” операцияси тажрибаси юқори баҳоланди

Март 26, 2026. 15:48 • 3 дақ

121
Швеция парламентида Ўзбекистоннинг диний бағрикенглик ва “Меҳр” операцияси тажрибаси юқори баҳоланди

СТОКГОЛЬМ, 26 март. /“Дунё” АА/. Жорий йилнинг 24­-25 март кунлари Швеция парламенти — Риксдагда “Ўзбекистонда диний бағрикенглик, экстремизмга қарши кураш ва террорчи гуруҳларнинг собиқ аъзоларини реинтеграция қилиш тажрибаси” мавзусида халқаро семинар бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мазкур нуфузли тадбирда иштирок этиш учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов, Яҳудийлар диний жамоаси раиси Аркадий Иcахаров, Немис лютеран черкови раиси Людмила Шмидт, Олий Мажлис депутати Дилором Файзиева ҳамда таниқли диншунос экспертлардан иборат делегация Стокгольмга ташриф буюрди.

Семинарда Риксдаг депутатлари, Швеция ҳукумати аъзолари, сиёсий ва эксперт доиралари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, диний жамоалар ва ОАВ вакиллари, Стокгольмда аккредитациядан ўтган хорижий давлатлар элчилари — жами 120 дан ортиқ иштирокчи қатнашди.

Делегациямиз аъзолари томонидан Ўзбекистонда сўнгги йилларда диний соҳада амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, виждон эркинлиги ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш борасидаги тизимли чора-тадбирларнинг самарали натижалари тақдимот қилинди. Жумладан, “Меҳр” операцияси орқали низоли ҳудудлардан қайтарилган Д.Н ўз чиқишида юртимизда адашган шахсларга нисбатан қўлланилаётган кечиримлилик ва жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш сиёсатининг амалий моҳиятини очиб бергани иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Шунингдек ўқинг

Швеция расмийлари ва халқаро экспертлар Ўзбекистон тажрибасини юқори баҳолади. Риксдагнинг “Швеция – Марказий Осиё” дўстлик гуруҳи раҳбари, таниқли сиёсатчи Бёрн Сёдер Ўзбекистоннинг экстремизмга қарши курашдаги илғор тажрибасини ўрганиш икки давлат манфаатларига мос эканини таъкидлади. Швеция ТИВнинг динлараро мулоқот бўйича махсус вакили, элчи Кристиан Камил ўз нутқида “Меҳр” операцияларини радикаллашув илдизига берилган кучли зарба деб атаб, Ўзбекистон тажрибаси динлараро мулоқот хавфсизликнинг энг мустаҳкам пойдевори эканини исботлаганини қайд этди.

Швеция хавфсизлик ва тараққиёт сиёсати институти директори, сиёсатшунос Сванте Корнелл Ўзбекистоннинг мусулмон дунёси тарихидаги ўрни ва Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан очилган Ислом цивилизацияси марказининг аҳамиятига тўхталиб, радикаллашувга қарши маънавий ва ижтимоий усуллар билан курашиш самарадорлигини алоҳида эътироф этди.

Семинар якунида томонлар бу каби очиқ мулоқотлар Ўзбекистон ва Швеция ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ҳамда узоқ муддатли ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишда муҳим қадам бўлишини якдиллик билан таъкидлади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш