Истанбулдаги Этноспорт маданият фестивалида Ўзбекистон павильони кенг намойиш этилди
Май 30, 2026. 11:30 • 2 дақ
• 95ИСТАНБУЛ, 30 май. /“Дунё” АА/. Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган Этноспорт маданият фестивалида (Etnospor Kültür Festivali) Ўзбекистон Спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси ва Миллий паралимпия қўмитаси делегациялари фаол иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Халқаро тадбир доирасида мамлакатимиздан ташриф буюрган миллий спорт турлари ва халқ яккакурашлари йўналишлари вакиллари томонидан махсус кўргазмали чиқишлар намойиш этилди. Ушбу маҳоратли чиқишлар орқали Ўзбекистоннинг бой спорт анъаналари, мардлик ва паҳлавонлик маданияти хорижлик кенг жамоатчиликка яқиндан таништирилди.
Фестиваль майдонида ташкил этилган муҳташам Ўзбекистон миллий павильони анжуманнинг энг гавжум масканларидан бирига айланди. Павильонга ташриф буюрган меҳмонлар эътиборига халқ ҳунармандчилиги дурдоналари бўлган миллий чолғу асбоблари, юртимизнинг дунёга машҳур тарихий обидалари, улкан туризм салоҳияти ва бой маданий меросига оид ноёб кўргазмалар ҳавола қилинди.
Шунингдек, Туркияда таҳсил олаётган ва истиқомат қилаётган фаол ўзбекистонлик ёшлар ҳам ушбу жараёнда жонбозлик кўрсатиб, хорижликларга Ўзбекистон тарихи, қадриятлари ва замонавий тараққиёти ҳақида батафсил маълумотлар бердилар.
Тадбирнинг энг диққатга сазовор ва жозибали воқеаларидан бири — ўзбек палови маданиятининг намойиши бўлди. Фестиваль давомида тўрт кун мобайнида ҳар куни 1 200 килограммдан, умумий ҳисобда бир неча тонна анъанавий ўзбек палови дамланиб, анжуман иштирокчилари, расмий меҳмонлар ҳамда Истанбул аҳлига бепул тарқатилди. Бу шарқона саховат ва ўзбекона меҳмондўстлик намунаси сифатида фестиваль қатнашчиларининг юксак эътирофига сазовор бўлди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси











